Жаҳон | 14:38 / 22.10.2017
45618
3 дақиқада ўқилади

Янги Ироқ урушини бошлашга баҳона топилди

ИШИД гуруҳи жангариларининг пойтахтига айланган Раққа шаҳри уларга қарши курашаётган иттифоқчилар томонидан эгалланди. Бу билан бир неча давр давом этган, ўзини «Ислом давлати» номи билан атаган гуруҳнинг ҳаёти якунига етиб келаётганини англаш қийин эмас.

Энди эса минтақада янги муаммо бош кўтармоқда: икки дарё оралиғида жойлашган курдлар ўз мустақиллигини эълон қилиш учун референдум ўтказди. Жорий йилнинг 25 сентябрь куни ўтказилган сиёсий тадбирда Ироқнинг Киркук шаҳрида истиқомат қилувчи курдлар ҳам иштирок этди. Аслида 1927 йил Ироқдаги илк нефтни қазиб чиқариш маскани барпо этилганда, Киркук шаҳри низоли майдонга айланиб қолган. Гарчи шаҳар майдони расман Курдистон автономиясига кирмасада, де-факто бу жойлар курдларнинг назорати бўлиб келган.

Табиийки, Курдистон мустақиллиги тан олинса, Киркук ихтилофга сабаб бўлиши аниқ. Вазият шу даражага етиб бордики, араб шиалар сиёсий таъсирида қолган Ироқ ҳукумати шаҳарни ўз назоратига қайтариб олиш учун 16 октябрь куни ҳарбийларни ишга солди. Оқибатда, Киркукдаги нефть қазиб чиқариш масканларига катта путур етди, бунинг устига Ироқ ҳарбийларининг ҳаракати билан курд энклави барҳам топди.

Мустақилликни илинжида юрган курдлар Киркукдаги нефтсиз, шу билан бирга энклав ҳудудсиз ҳеч қандай озод ватанни орзу қилиши ҳам мумкин эмас. Бағдод ва Эрбил ўртасидаги низо АҚШ томонидан осонликча ҳал қилиниши мумкин эди, аммо бу иккиси ҳам америкаликларнинг яқин иттифоқчиси ҳисобланади.

Бир вақтлар Саддам Ҳуссайн томонидан заҳарли газ билан қийноққа дучор қилинган халқ 2014 йилда ИШИДга қарши курашда жонбозлик кўрсатди. Ғарб мамлакатлари ўз вақтида кўрсатилган кўмак асосида урушда курдларнинг қўли баланд келиб, шу орада Киркукни ҳам эгаллаб олади.

Айни пайтда шиа, жумладан Эрон расмий доиралари таъсирида қолиб кетаётган Ироқ ҳукумати ва бир мамлакат бўла олмай курашга интилган курдлар араб диёридаги классик тўқнашувнинг яна бир кўриниши бўлиши табиий. Энг муҳими бу янги Ироқ урушига айланиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Мавзуга оид