Жамият | 12:35 / 27.10.2017
17513
5 дақиқада ўқилади

Эҳтиётсизлик бир инсоннинг умрига зомин бўлди

Фото: KUN.UZ

Автомашинага ўтириб, унинг рулини қўлига ушлаган ҳар бир инсон, масъулиятни ҳам елкасига олаётганини асло унутмаслиги лозим. Боиси, автоулов бошқарувини қўлга олган одамнинг билиб-билмай йўл қўйган биргина хатоси билан ўзга бир бегуноҳ инсон умрбод ногиронлик аравасига михланиб қолиши ёхуд ҳаётдан кўз юмиши ҳеч гап эмас.

Бундай воқеаларга кўпчилигимиз бевосита ёки билвосита гувоҳ бўлганмиз. Шу боис, бугун ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқитиш тизими қайта ислоҳ қилинмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари янада такомиллаштирилиб, уларни қўпол равишда бузганлар учун белгиланган жазолар кучайтирилди.

Албатта, ушбу жараёнлар замирида йўл ҳаракати ҳодисаларининг олдини олиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсади ётади. Бироқ айрим ҳайдовчилар бунга етарли эътибор қаратмайдилар. Улар манзилга шошилаётганини рўкач қилиб, “бир сафар қоидани бузсам, ҳеч нарса қилмас” қабилида иш кўрар эканлар, кўза кунида синишини гоҳида унутиб қўядилар. Оқибатда эса йўл қўйилган биргина хато бадалини ўзга бир бегуноҳ инсон ўз ҳаёти билан тўлашига тўғри келади.

"Ҳуқуқ" газетасининг ёзишича, наманганлик К.Тиллаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўтган йилнинг 11 декабрида бошқарувидаги “Спарк” автомашинасида кетаётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмади ва пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётган Д.Носировни уриб юборди. Оқибатда Д.Носиров олган тан жароҳати билан шифохонага ётқизилди. Жароҳат оғирлиги сабабли, у 2016 йил 17 декабрь куни шифохонада ҳаётдан кўз юмди.

Кўриниб турибдики, бу мудҳиш ҳодисада пиёданинг айби йўқ бўлиб, у ўзи учун ажратилган махсус пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётган эди. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 11-банди, “г” кичик бандига кўра, “Транспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болалар, қариялар, ногиронлар ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши” ва мазкур қоидалар мажмуининг 77-бандига биноан эса, “Ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шаротини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси белгиланган тезлигини оширмасдан бошқариши керак.

Тезлик ҳайдовчига ушбу қоидалар талабларини бажариш учун транспорт воситасининг ҳаракатини доимий назорат қилиб туриш имкониятини бериши керак. Ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятида хавф юзага келса, транспорт воситасининг тезлигини у тўла тўхтатишини таъминлайдиган даражада камайтириш ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак”.

Ҳайдовчи К.Тиллаевнинг бу қоидалардан албатта хабари бўлган. Негаки, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқиш мобайнида ҳар бир ўрганувчи мазкур қоидалар билан тўла таништирилади. Бундан ташқари, пиёдалар учун ажратилган йўлакчаларда ҳайдовчилар ҳушёрлик ва масъулиятни икки баробарга оширишлари шарт. Токи йўловчилар ўтиб бўлмагунча машинани қўзғатишлари мумкин эмас.

“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 111-бандида кўрсатилган талаблар эса ортиқча изоҳга ҳожат қолдирмайди: “Тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчилар светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнгандан кейин ҳам пиёда(лар)га қатнов қисмини шу йўналишда кесиб ўтишни тугаллашига имкон беришлари керак”.

Суд-тиббий экспертизасида қайд этилган жабрдийданинг олган ва унинг ўлимига сабабчи бўлган оғир тан жароҳатлари ҳайдовчи бошқариб келаётган машинанинг ўша вақтдаги тезлигини тасаввур этиш имконини беради. Албатта, ҳайдовчи жабрдийдага ёрдам кўрсатиб, уни зудлик билан шифохонага олиб борган, тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаган, бир ҳафтага яқин тинимсиз бемор ҳолидан хабардор бўлиб турган.

Аммо қонун бор. Айбланувчи К.Тиллаев суд томонидан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга тегишли жазо тайинланди. Лекин энг катта жазони энди у бир умр ўташга маҳкум . Бу виждон азобидир.

Ушбу тафсилотни ўқувчиларга, айниқса, автомобиль ҳайдовчилари эътиборига ҳавола қилишдан мақсад, машина ҳайдашда ўта ҳушёр бўлиш, мавжуд йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлигини яна бир бор эслатмоқчимиз. Акс ҳолда, бир бегуноҳнинг умрига зомин бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. 

Мавзуга оид