Жамият | 13:31 / 28.10.2017
103017
6 дақиқада ўқилади

Самарқандда 16 қаватли осмонўпар турар жой биносининг қурилиши аҳолида норозилик уйғотмоқда (видео)

Бунёдкорлик — халқимизнинг эзгу ишларидан саналади. Уй кўтариш, кўприк қуриш, йўл созлаш азалдан одамларимизнинг феълида бор. Бироқ эзгу ишлар саъй-ҳаракатида ҳам кўнгилсиз воқеалар учраб туради. KUN.UZ’га бир гуруҳ самарқандлик юртдошларимиз мурожаат қилишди.

Уларнинг ёзган шикоят хати кўра Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон кўчаси 114-Г манзилда 16 қаватли турар-жой мажмуаси қурилиши бошланганлиги, бироқ қурилишни олиб бораётган ташкилот бунинг учун қонуний рухсатнома олмаганлиги, қурилиш ишлари билан аҳолига озор бераётгани баён этилган. KUN.UZ ушбу мурожаатни ўрганиш учун Самарқандга йўл олди. Манзилга етиб боргач, аввало ўша ерда яшовчи аҳоли билан суҳбатлашдик.

Ўзбекистон кўчаси 114-уй манзилида яшовчи Руслан Хайнуров қурилиш учун бирорта ҳужжат йўқлиги, канализация коллектори Сиёбча каналига яқин жойга кўчирилганлиги, канал ёқасидаги дарахтлар кесиб ташланганлиги, қурилиш ишлари мавжуд норматив ҳужжатларга зид равишда 50 метрлик ҳимоя масофасига риоя қилинмасдан олиб борилаётганини баён этди. Шунингдек, қурилиш давомида ишчилардан бирига оғир тан жароҳати етиб, у ногиронга айланганини ҳам айтиб ўтди.

Аҳоли вакиллари куйиниб ўз эътирозларини сўзлар экан, биз қурилишга масъул бўлганларга ҳам алоқага чиқдик. Маълум бўлишича, 16 қаватли турар жой мажмуасининг қурилиш ишлари Самарқанд шаҳар «Дамир Бинокор Қурилиш» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилмоқда.

Биз масъулларни топгунга қадар объект атрофини айланиб чиқдик. Ушбу ҳудудда бошқа қурилиш ишлари ҳам олиб борилаётган экан. Хусусан, ипак тўқимачилик фабрикасининг бир қисмида олиб борилаётган қурилишга тайёргарлик кўриш ишлари ҳам ўша ердаги аҳоли норозилигини келтириб чиқараётганининг гувоҳи бўлдик

Бироз вақт ўтиб, қурилишга масъул бўлганлар келишди. Суҳбатимизни улар билан давом эттирдик. Энг аввало қурилиш билан боғлиқ ҳужжатлар билан танишиб чиқишни сўрадик.

Ҳужжатларга кўра, 1 гектарга яқин ер қурилиш ташкилоти томонидан харид қилинган. «ТошбошпланЛити”нинг қурилиш ишларини олиб бориш учун амал қилиниши лозим бўлган ҳужжатларга доир тавсиясигина бор. МЧЖ Самарқанд шаҳар ҳокимлигига қурилиш ишларини бошлаш учун мурожаат қилган, тегишли ташкилотларнинг муҳри босилган. Бироқ шаҳар ҳокимининг қарори йўқ.

Сирасини айтганда, қурилиш ишлари билан боғлиқ расмий ҳужжатлар тайёр эмас. Бироқ ваколатли ташкилотлар ўз хулосаларини берган. Хусусан, вилоят ёнғин хавфсизлик бошқармаси, вилоят сувоқава давлат унитар корхонаси, шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ижобий хулоса берилган. Биз ваколатли ташкилотларнинг муҳри урилган қурилиш лойиҳасини сўраганимизда МЧЖ раҳбари Суннат Абдуллаев уни бизга кўрсатмади.

«ТошбошпланЛИТИ»нинг хулосасини сўраганимизда эса унинг тавсиялари берилган хатни тақдим этди.

Шунингдек, ўрганишларимиз натижасида қурилиш ишлари даврида қурилиш ҳудудидан ўтган шаҳар марказий канализация қувури қурилиш ишларига халақит берганлиги сабабли узилганлиги, ундаги оқава сувлар эса Сиёбча коллекторига ташланаётганлиги, бу бўйича вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан «Дамир Бинокор қурилиш» масъулияти чекланган жамияти экологик компенсация тўловларини амалга оширилишини маълум қилган.

Аҳамиятли жиҳати, Ўзбекистон кўчаси 114-уй аҳолиси шаҳар ҳокимлигига, Самарқанд вилояти прокуратураси, халқ қабулхонаси ва Президент порталига мурожаат қилишган. Мурожаат ўрганилиб, қурилиш ишлари тўхтатилганлиги ҳақида жавоб берилган. Бироқ шикоятчиларга кўра амалда қурилиш ишлари давом этган, этмоқда.

Ижодий гуруҳимиз билан «Дамир Бинокор қурилиш» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Суннатилло Абдуллаев билан бирга қурилиш ҳудудини айландик. У айни вақтда қурилиш ишлари давом этаётгани ҳақидаги ахборотнинг ёлғонлигини, фақатгина улкан кўтарма краннинг монтаж ишлари кетаётганлигини таъкидлади. Биз қурилиш ҳудудида кечки овқатга ўтирган ишчилар билан ҳам суҳбатлашдик.

Биз қурилиш ҳудудидаги вазиятга хулоса бермаймиз. Кўрганингиз бор ҳақиқат. Аҳолига мурожаатига берилган жавоб айрим ташкилотлар учун шунчаки қоғозбозлик бўлса бу учун ваколатли органлар олдида жавоб берди. Таъкидламоқчи бўлганимиз бошқа жиҳат.

Тадбиркорнинг ташаббуси хайрли. У биринчи навбатда юрт равнақига хизмат қилишни хоҳлаяпти — кўҳна шаҳар Самарқандда замонавий осмонўпар иморат қад ростлашига ҳисса қўшмоқчи. Биз Суннатилло Абдуллаев билан суҳбатлашганимизда мазкур лойиҳани амалга оширишда ўз ташкилотига тегишли ер майдонида пухта режа тузилгани, ҳужжатларни тайёрлаш бўйича барча маълумотлар ва аризалар керакли тартибда топширилганлигини, бироқ шундай бўлса-да, Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан ҳамон қурилишни бошлаш учун қарор ололмаётганлигидан, кутишдан чарчаганлигини изҳор этди. Дарҳақиқат, «Дамир Бинокор қурилиш» масъулияти чекланган жамияти Самарқанд шаҳар ҳокимлигига 28 июнда Ўзбекистон кўчаси 114-Г уй ҳудудини ободонлаштириш, кўп қаватли турар жой қуриш мақсади билан ариза берган бўлса-да, тадбиркор аризаси ҳамон жавобсиз қолмоқда.

Энди холисона фикр. Бунёдкорлик бир кишининг иши эмас. Бу кўпчилик билан бўладиган хайрли иш. «Дамир Бинокор қурилиш» масъулияти чекланган жамиятининг ташаббусига мутасаддилар ўз вақтида жавоб берганида, аҳоли билан ошкора, самимий мулоқот уюштирилиб, лойиҳанинг мазмун-моҳияти тушунтирилганида, ваколатли ташкилотлар аҳолига берган маълумоти амалдаги хатти-ҳаракатда ифодаланганда, бир сўз билан айтганда — амалдаги қонунчиликка сўзсиз риоя қилинганида шу каби кўнгилсизликлар бўлмас эди.

Умид қиламизки, бу каби тушунмовчиликлар тез фурсатда ўз ечимини топиб, хайрли ишлар бардавом бўлади.

Хуршид Далиев,
Толибжон Раҳматов,
KUN.UZ махсус мухбирлари.

Мавзуга оид