Бироз аввалроқ шу сайтда ҳамкасбим Шуҳрат Шокиржовнинг «12 жамоалик чемпионат ва унинг афзалликлари» сарлавҳаси остида мақоласи эълон қилинганди. Мақолада олий лигамиздаги жамоаларнинг сонини қисқартириш ҳақида сўз бориб, муаллиф шу орқали чемпионатимизни янада қизиқарлироқ қилиш мумкин эканини таъкидлайди.

Бугун эса Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти журналистлар таклифлари асосида Олий Лига жамоалари сонини 12тага тушириш ҳақида қарор қабул қилгани ҳақида маълум қилди.

Ушбу фикрларга қўшилмаганим учун, мен ҳам бу мавзуга муносабат билдираман. 

Шокиржонов янги форматнинг яхшироқ эканини исботлашга уринган, аммо етарлича асослантирмаган. Мисол учун, унинг айтишича, агар олий лигамиз жамоалари сони 16тадан 12тага қисқартириладиган бўлса, ҳамма ўйинлар тўғридан-тўғри намойиш этилиб, турлар ўртасида турли таҳлилий кўрсатувлар кўпайиб, трансляциялар билан боғлиқ зўр шартномалар тузилиб, клубларимиз бренд даражасига чиқиб кетар экан ва вилоятларда ҳам «Бунёдкор»нинг фанатлари пайдо бўлиб қолар экан.

Очиғи, бу боғлиқликни умуман тушуна олмадим - хўш, тўғридан-тўғри трансляцияларнинг ёки ТВ трансляциялардан даромадларнинг йўқлигига 1 турда 6 эмас, 8 ўйин бўлаётгани тўсиқ бўлиб турибди холосми? Наҳотки, мана шундай ижобий ўзгаришларни 16талик тизимда амалга оширишнинг иложи бўлмаса? Айтайлик, Россия ва Испанияда ҳар бир ўйин кетма-кет бўлиб ўтади, ТВ шартномалар шунақа тузилган, аммо Германия ва Англияда бошқачароқ, айрим ўйинлар бир вақтга ташкил этилади. Бу ҳолат шунчаки, бир-биридан фарқли формат холос, бирини иккинчисидан афзал деб, аксиома яратиб бўлмайди. 

Яна муаллифнинг айтишича, жамоаларга мухлислик қилишнинг туман ёки вилоят билан чекланмаслиги, бошқа жойларда ҳам клублар брендини яратишга замин яратади ва масалан Самарқандда «Пахтакор» мухлислари гуруҳи пайдо бўлиши мумкин экан. Умуман олганда, «Локомотив», «Пахтакор» каби гранд жамоаларимизнинг вилоятларда ўз мухлисларига эга бўлишга ҳаракат қилишлари учун Олий лигадаги жамоалар сони зинҳор тўсиқ эмас. Зеро шундоқ ҳам Қорақалпоғистон, Хоразм, Сирдарё, Сурхондарё, Андижон каби вилоятлардан ҳозир Олий лигада жамоалар йўқ, хўш, у ерда «Бунёдкор»нинг ёки умуман олий лигамизнинг ашаддий мухлислари пайдо бўляптими? Йўқ, албатта. 

Шуҳрат Шокиржоновнинг 12-14талик, яъни қисқа жамоалардан иборат форматни танлаган бир қатор давлатларни санаб ўтгани қизиқ, чунки, ушбу лигаларнинг бирортасига ҳавас қилиш мумкин эмас. Санаб ўтилган давлатларнинг бирортасида, мана шу ўзгариш туфайли бирор ижобий таъсир бўлганини айтиш мушкул. Ҳатто мисол қилинган Жанубий Кореяни ҳам. Шахсан мен, клуб миқёсда ҳам, терма жамоа миқёсда ҳам, ўз даражасидан паст натижаларни кўрсатмоқда, деб ўйлайман. Аксинча, бутун дунё томоша қиладиган ва сотиб оладиган, энг аҳамиятлиси, топ-ўйинларнинг сонини ошишидан манфаатдор бўлган Англияда форматни ўзгартириш билан боғлиқ ҳаракатлар умуман кузатилмаяпти. Испания «класико»ни бир йилда олти марта қилайлик, деб бош қотирмаяпти.