Жиззах сомсасини ёқтирувчи Британия элчиси билан суҳбат: «Барчаси 5 йилда амалга оширилиши шарт эмас»
Kun.uz янги лойиҳани тақдим этади. Унда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий элчихона ва ташкилот раҳбарлари билан суҳбатлар ҳавола этиб борилади. Лойиҳанинг биринчи меҳмони сифатида Буюк Британия Қироличаси Зоти Олияларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллен билан суҳбат уюштирилди.
Жаноб Аллен суҳбатнинг бошиданоқ Ўзбекистон билан аввалдан танишлигини билдириб ўтди.
«Талабалик давримданоқ, тахминан бундан 20 йиллар аввал, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларига қизиқиш пайдо бўлганди. Ғарб учун қисман нотаниш, собиқ иттифоқ ўрнидаги ушбу мамлакатни ўрганиш, ўзбек халқи билан яқиндан танишиш режамда азалдан бўлган. Инглиз ёзувчиси Коллен Суброннинг «Йўқотилган Осиё қалби» номли китоби ҳамда Роберт Байрон қаламига мансуб «Оксианага йўл» асари билан танишиб чиққанимдан сўнг ана шу иштиёқ менда яна аланга ола бошлади.
1998 йил Ўзбекистонга ташриф буюришга ҳаракат қилдим, аммо кўп сабабларга кўра бу амалга ошмади. Шунга қарамай, меҳнат фаолиятимда Ўзбекистонда ишлаш насиб этди ва шу заҳотиёқ рус тилини ўрганишга киришдим. Самарқандлик ўзбек муаллимаси назоратида қисқа муддат ичида кўп нарсани ўрганишга ҳаракат қилдим. Лондондаги ўзбек дипломатлари билан суҳбатда бўлдим, умуман, шу ерга келишдан аввал умумий тасаввурга эга бўлиш учун ўзимни тайёрладим», дейди элчи.
Кристофер Аллен бугунги давр Ўзбекистонда дипломат сифатида фаолият кўрсатиш учун энг қизиқ палла эканини қайд этиб ўтди. Унинг фикрича, ўзгаришлар ва ислоҳотлар янги президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тузилган Ҳаракатлар стратегияси дастурида аниқ кўрсатиб ўтилган. «Ана шу кўрсатилган мақсадларнинг барчаси 5 йилда амалга оширилиши шарт эмас, асосийси, мана шу ўзгаришларни бажариш учун сиёсий иродани ифода этиб бера олиш муҳим. Чунки, айрим масалалар ўз вақтида ва сифатли адоғига етказилиши мумкин, бошқалари эса яна узоқроқ вақт ва катта ресурс талаб қилади. Барчаси бирдан ўзгаришини кутиш мантиққа тўғри келмайди, давлат хизматчилари ҳам, ресурслар ҳам чекланган. Нима бўлганда ҳам бошланган ишларни давом эттириш ва уларни якунига етказиш керак. Биз буни кузатиб боришдан мамнунмиз», дейди Кристофер Аллен.
Элчи дипломат пойтахтдан ташқарига назар ташлаши, маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар билан яқиндан суҳбатда бўлиши жуда муҳим масала, деб ҳисоблайди: «Ана ишончимга содиқ қолган ҳолатда, мамлакатнинг деярли барча ҳудудида бўлдим. Фақат вилоятларга ташриф буюриб, турли манзараларни кўргач, амин бўласизки, бу ҳақиқатан ажойиб ва гўзал юрт. Президентнинг ўзи ҳам вилоятларга ташриф буюрганда, аввало, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, аҳоли турмуш тарзига қизиқади. Айниқса, ишсизлик ва янги иш ўринлари яратиш масаласига кўп эътибор қаратилмоқда».
Суҳбат ёзиб олинган кўрсатувнинг тўлиқ шаклини ўзбек ва инглиз тилида қуйидаги ҳавола орқали кўриш мумкин.
Ўзбек тилида
Инглиз тилида