Президент қарорига шарҳ: “Ўзтрансгаз”, “Ўзбекэнерго”, энергия ва нефтгаз инспекциялари қониқарсиз фаолият кўрсатган
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига шарҳ эълон қилинди.
Ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланишга ўтиш мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятининг гарови ҳисобланади.
Шу билан бирга, энергетик сектордаги ишларнинг ҳақиқий аҳволи энергия тежамкор технологиялар етарли даражада жорий этилмаётгани ва амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари мукаммал эмаслигидан далолат беради.
Қарорда “Ўздавэнергоназорат” давлат иснпекцияси, “Ўздавнефтгазинспекция” давлат инспекцияси, “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг фаолиятлари қониқарсиз деб топилган.
Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мамлакат миқёсида энергия тежамкор услублар ва технологияларни жорий қилишда муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўздавэнергоназорат” ДИ, “Ўздавнефтгазинспекция” ДИ ва “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖнинг таклифларига кўра 2018 йил 1 январдан бошлаб энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни рағбатлантирувчи бир қатор механизмлар жорий қилинмоқда.
Шу жумладан, пишган ғишт, гипс, цемент ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, шунингдек, муайян хизматлар кўрсатувчи (ресторанлар, кафелар ва б.) истеъмолчилар уланган қуввати 750 кВА бўлган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ўрнатиладиган ўсиб борувчи коэффициентлар ва тарифларга мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Уланган қуввати 750 кВА ва ундан юқори бўлган истеъмолчилар электр энергия учун ҳисоб-китобларни сутка вақтларининг табақалаштирилган тарифи бўйича амалга оширади. Мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станцияларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Республиканинг электр таъминоти тизимига юкламани тенглаштириш мақсадида электр энергиядан фойдаланганлик учун тўловларнинг қулай тарифлари жорий қилинмоқда.
Жумладан, тиғиз пайт – эрталабки ва кечки вақтда (белгиланган тартибда ўрнатилади) фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентни қўллаш орқали амалга оширилади. Энг кам юкламали соатларда, яъни тунги пайтда белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камаювчи коэффициентдан фойдаланилади. Бунда белгиланган тариф ярим тиғиз пайтда, яъни сутканинг ёруғ вақтида электр энергия таъминотига тўловлар учун сақланиб қолади.
Давлат органлари ва муассасаларининг бино ва иншоотлари, шунингдек, кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, қуриш ва фойдаланишга топширишда уларда энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилганлиги юзасидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлигини текшириш талаби жорий қилиниши илғор чора-тадбирлардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари, барча бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда, иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмалари, шунингдек, энергия тежамкор лампалар мажбурий тартибда ўрнатилади.
Шу билан бир қаторда, 2022 йил 1 январдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларини иссиқ сув таъминотидан узиб қўйиш назарда тутилмоқда. Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида улар иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмаларидан, шунингдек, ички ёритиш учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган энергия тежамкор лампалардан фойдаланиши шарт бўлади.
Шуни инобатга олган ҳолда, давлат органлари ва ташкилотлари бино ва иншоотларида қуёш сув иситгич қурилмалари ва маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар асосида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган энергия тежамкор лампаларни ўрнатиш босқичларини белгилаш тўғрисида топшириқ берилмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва энергия тежамкор лампаларни турар ва нотурар жойларда босқичма-босқич жорий этиш бўйича комплекс дастур қабул қилинади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан иссиқ сув таъминоти учун қуёш сув иситгич қурилмаларининг жорий этилиши ва фойдаланилиши натижасида иситилмайдиган даврда (апрель-октябрь) иситиш станциялари томонидан табиий газ истеъмоли ҳажми деярли 10 миллион куб метр ёки 2,5 миллиард сўмга қисқаради.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда 35 та биогаз ишлаб чиқарувчилар, 10 та қуёш электр энергияси етказиб берувчилар ва микрогидроэлектр станциялардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи 5 та корхонанинг имкониятлари тўлиқ очиб берилмаган.
Шу муносабат билан, қарорда муқобил энергия манбаларини жорий этиш юзасидан тадбиркорлик фаолиятини самарали рағбатлантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий асосларни шакллантириш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилди.
Бундан ташқари, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан тасдиқланган 300 дан ортиқ шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Шуни инобатга олиб, қарорда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, энергия самарадор ва энергия тежамкор технологияларни қўллаш борасида “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ билан келишилиши назарда тутилмоқда.
Давлат раҳбарининг мазкур қарори, шубҳасиз, Ўзбекистонда замонавий энергия самарадор ва энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш бўйича фаолиятни жадаллаштиришга хизмат қилади, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланилишини таъминлайди.
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга боради
16:30 / 01.10.2024