Тинимсиз ёққан ёмғир оқибатида келган кучли сел Каттақўрғоннинг "Оқсой" маҳалласидаги кўприкдан ҳам тошиб кетди. Шу куни ўқитувчи ўз шогирди билан Самарқанд шаҳрига бориши керак эди. Аммо кўприкдан ўтиш хавфли бўлгани учун ўқитувчи йўлдан қайтди. Ўқувчининг эса орқага қайтиш нияти йўқ, устозининг «Жонингни хавф остига қўйма», дея бақириб қолганига қарамасдан, дафтарини камарига қистириб, газ қувурига тирмашганича сойдан ўтди. Чунки у бу фурсатни анчадан бери кутар, ўзини кўрсатиш, ғояларини рўёбга чиқариш учун бошқа имкон йўқ эди...
Жорий йилнинг 17 март куни Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги 2-сон академик лицейда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида «Энг яхши инновацион фикрлаш» кўрик танловида қизиқ ҳолат кузатилди. Кўрик танловга муассасаларнинг жамоалари иштирок этгани ҳолда Каттақўрғон агротадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежининг «Ёш ихтирочи» жамоаси номидан фақат бир ўқувчи қатнашди. Аммо кутилмаганда ўқувчининг инновацион ғоялари нафақат ҳакамлар ҳайъатининг, балки бошқа таълим муассасалари вакилларининг ҳам эътиборини тортди. Гарчи тўлиқ жамоа иштирок этмаган, ҳатто таълим муассасасидан бирор ўқитувчи келмаган бўлса-да, жамоанинг «ёлғиз жангчи»сига ғоялари учун 2-ўрин насиб этди. Бу ўқувчи ўша, тошқин вақти қувурга тирмашиб, сойдан ўтган Юсуфбек Суяров эди.
Юсуфбек Каттақўрғон туманининг Мойбулоқ қишлоғида туғилган. Тумандаги агротадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежининг учинчи босқичида ўқийди. Эсини танигандан буён турли ихтиролар қилишга уринади. Яқинда унинг ҳеч қандай хомашёсиз электр энергияси яратишга мослашган ускунаси ҳақидаги мақола ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлди. Бир қатор олимлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таҳририятга вилоятнинг турли ҳудудларидан қўнғироқлар бўлди.
Бир қарашда ихтиро жуда оддий: аккумулятордан қувват олган генератор электр токи ишлаб чиқаради. Токнинг маълум қисми истеъмолга, бир қисми эса аккумуляторни қайта қувватлашга сарфланади. Керакли жиҳозлар қиммат бўлгани боис Юсуфбек дастлаб шу жиҳозлар ўрнига ўйинчоқ машина мотори, қўл телефони аккумулятори, DVD-плейерининг ички қисмларидан фойдаланди. Кейинчалик машина аккумулятори ва ҳақиқий генераторлардан фойдаланганда ускунани синовдан ўтказиш учун шароит бўлмади. Ҳатто генераторни совутиш ҳам муаммо бўлиб қолаверди. Энг ёмони, бир неча йилдан буён бу каби турли лойиҳалардан бош кўтармай келаётган бу ихтирочига ўзи таҳсил оладиган муассасанинг эътибори кўнгилдагидек эмасга ўхшайди.
2015 йил Юсуфбек ёш иқтидор эгалари учун ўтказилаётган кўрик-танловлар ҳақида телевизорда кўриб, ўқитувчисига «нега биз бормаймиз шундай танловларга, нега бизга айтмайсизлар?» деб шикоят қилади. Кейинроқ вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасига, ундан кейин республика ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига мурожаат қилади. Ўз ишланмаларини кўрсатиб, ёрдам сўрайди. Афсуски, ўқувчи бугунгача ҳеч кимдан бирор ёрдам олган эмас.






