Light | 20:00 / 14.11.2017
31705
4 дақиқада ўқилади

«Сиҳат тиласанг, кам е»: Нафсни тийишнинг хосиятлари

Фото: 29palm.ru

Ҳар гал бирор сайёҳга дуч келсам, бундан бир неча йил илгариги воқеа ёдимга тушади:

Уйимизда франциялик ижодкорлар меҳмон бўлишди. Саҳарлаб шаҳар айланишга чиқдик. Самарқандда иккинчи бор бўлишларига қарамай, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Бибихоним мажмуаси, «Сиёб» деҳқон бозори, Самарқанд шаҳридаги музейлар — ҳаммасини ҳайрат билан томоша қилишди. Тушликка яқин «Палов тайёрлаяпмиз», деб уйга таклиф қилдим.

«Йўқ, йўқ, — бош чайқади улардан бири. — Ҳозир ёз фасли. Ҳавони қаранг. Бундай пайтда энг яхши тушлик — битта Самарқанд нони билан тарвуз-да. Паловни яхши кўрамиз, аммо палов еганга яраша қувват сарфлай оламизми?».

Ҳайратландим. «Сиҳат тиласанг, кам е, иззат тиласанг, кам де», деган мақолга биз эмас, французлар кўпроқ амал қилишаркан-да, дея хулоса қилгандим ўшанда.

Кундан-кун ўзгариб бораётган замон шиддати, тезкор ҳаёт тарзи бизга имкон қолдирмаяпти: биз йўл-йўлакай овқатланамиз, вақтни тежаб (ёки тезпишар таомга мазахўрак бўлиб қолганмиз) фастфудга югурамиз, нонуштани ҳам, кечки овқатни ҳам телевизордан кўз узмай «ютиб» қўя қоламиз. Кўпчилигимиз овқатланишда меъёрга амал қилмай қўйдик. Биз еймиз, еяверамиз. Биздан кўриб болаларимиз ҳам ейди, еяверади. Агар бирор зиёфат, базм чиқиб қолса, ошқозоннинг ҳолига вой.

Ота-боболаримиз бир ҳовуч майиз, тўртта ёнғоқ, бир пиёла чой билан нонушта қилиб, кетмонини орқалаган бўлса, бугун биз — тўрт қадам пиёда юришга ҳоли йўқ замонавий инсонлар нонуштамизда иссиққина сомсалар, юмшоққина нон, колбасаю сариёғ бўлмаса, кўнглимиз жойига тушмайди. Айримлар эса бутунлай тескари йўл тутади: нонуштадан воз кечиб, бир кеча-кундузлик калориянинг асосий улушини кечки овқат маҳали қабул қилади.

Баъзан ўзимизга «Яхши овқатланаман, бунча касаллик қаёқдан?» деб савол берамиз. Аммо тўйиб овқатланиш билан тўғри овқатланиш орасида фарқ бор. Нотўғри овқатланиш ортиқча вазнга, бунинг орқасидан турли хасталикларга сабаб бўлади. Мутахассисларнинг ёзишича, семизлик юрак-қон томир касалликлари (атеросклероз, артериал гипертензия, юрак ишемик касаллиги), суяк-бўғим (остеохондроз, деформацияловчи остеоартроз) ва эндокрин тизими (2-турдаги қандли диабет), онкологик касалликларнинг кўплаб турлари (тўғри ичак, кўкрак бези саратони) каби аъзолар ва тизимларда турли хасталиклар юзага келишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Тиббий рисолаларда ҳар бир киши таъбига қараб овқатланиши зарурлиги таъкидланади. Киши ўз организми эҳтиёжларига қулоқ тута билиши ва ўзи учун фойдали, ҳазми енгил таомларни истеъмол қилиши керак. Аслида тўй-маъракаларда ёзиладиган дастурхонда ноз-неъматларнинг сархиллиги ҳам шу билан боғлиқ: ҳар ким таъбига кўра танлаб ейиши керак. Баъзида биздаги одоб-ахлоқ меъёрлари мезбон келтирган ҳар қандай таомни ейишга мажбур қилади. «Ошқозоним нозик, ош бўлмайди», дея олмаймиз. Ҳамма қатори ошаймиз. Кейинги аҳвол ўзимизга маълум. Айримлар эса серёғ, ҳазми оғир таомлар саломатлигига зарарлигини била туриб, нафсини тия олмайди.

60 ёшдан кейин овқатланишга айниқса, эътиборли бўлиш лозим. Ахир ҳамма оилаларда ҳам болаларга алоҳида, катталарга ва қарияларга алоҳида таом тайёрланмайди, бир қозондан овқат еймиз. Бунда энг мақбули — меъёрга амал қилиш. Болаларга кўпроқ калория, кексаларга ҳаракатига яраша қувват берувчи таомлар керак.

 

Зилола ОМОНОВА,

журналист

Мавзуга оид