Campbell Soup компаниясининг собиқ раҳбари Дуглас Конант ва раҳбарликни ўрганиш соҳасида фаолият юритувчи 20 йиллик профессор Кристин Порат ўз умумий тажриба ва тадқиқотларига асосланиб, ходимларнинг кўнглидан жой олиш ҳамда компания ва унинг шериклари даромадини оширишнинг энг яхши йўли — одамларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва раҳбарлик қилиш эканини таъкидлашди. Бу ўз ходимларининг хизматларини тан олиш, диққат билан тинглашни билиш ва бошқаларнинг вақтини қадрлаш ҳамда уларнинг керакли ходим эканликларини ҳис қилдириш демакдир. Harvard Business Review шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.
Баъзилар учун "ҳурмат билан бошқариш" нима экани маълум маънода аён. Бироқ буни амалда қўллаш қийин. Биз кўпинча тинимсиз вазифалар, лойиҳалар, муаммолар, хатлар, матнлар, мураккаб вазиятлар оқимига дуч келамиз ва бу йўлда баъзи ходимларимизни йўқотамиз.
Бу ачинарли, зеро агар одамларга бўлган ҳурматни асосий ўринга қўйсак, кўп нарсани ютиш мумкин, ахир. Дўстона муносабат самарадорлик ва ижодий салоҳиятни оширади, хатоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш имконини беради, бундан ташқари, ҳиссий ёнишга қарши курашади. Бироқ энг асосийси: ходимлар уларнинг қадрига етишаётганини ҳис қилишади.
Кристин турли мамлакатлардаги 20 мингдан зиёд ишчи ўртасида сўровнома ўтказди. Маълум бўлишича, ходимлар раҳбарият томондан кўрсатилган ҳурмат туфайли ўзларини жисмоний жиҳатдан яхшироқ ҳис қилишган (56 фоиз), ўз ишларидан кўпроқ қониқиш ҳосил қилишган (89 фоиз), диққатни яхшироқ жамлаб, устувор вазифаларни белгилаб олишган (92 фоиз), ўз моҳиятларини кўпроқ англаб етишган (26 фоиз) ва интенсивроқ меҳнат қилишган (55 фоиз).
Ҳурмат билан муносабатда бўлиш ходимларга етакчиликнинг бошқа хусусиятларидан кўра кучлироқ таъсир қилади: хизматларни тан олиш ва қадрлашни билиш, илҳом бахш этиш ва ўз орқасидан эргаштириш ва ҳ.к. У ҳатто тажриба орттириш, карьерадаги ўсиш ва ривожланиш имкониятларидан-да муҳимдир.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ходимлар ўз раҳбарларининг уларга нисбатан ҳурматини ҳис қилишлари жуда муҳим. Сўровномада иштирок этаётганларнинг аксарияти ҳар доим ҳам бундай эмаслигини қайд этган.
Компания етакчиси сифатида қандай ўринга эга бўлсангиз ҳам, одатий вазифаларни бажаришда чуқур ҳурматни намоён этиб, бу камчиликларни тўлдиришингиз мумкин. Масалан, ўз ходимларингиз вақтини қадрлашингизни намоён этиб, йиғилишларни камайтиришингиз мумкин ёки яхши бажарилган иш учун қисқа матнли миннатдорчилик хати йўлланг. Бироқ максимал фойда олиш учун доимий равишда мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни қўллаш зарур. Ҳурмат нафақат вақти-вақти билан, балки қилаётган барча ишларингизда намоён бўлиши керак.










