Замонавий футбол йигирма йил олдингисидан кескин фарқ қилади. Нафақат ўйиннинг умумий кўриниши ёки тактика ва тезлик борасида, балки трансферларнинг кўриниши, жамоаларнинг имижи борасида ҳам. Масалан, 20 йил олдин «галактикос»лар бўлмаган, ақлдан оздирувчи трансфер суммалари ҳам.

Бу ҳолат кўпчиликни ташвишга солмоқда. Лекин энди кеч, 1995 йилда кўрилган «Босман иши» улкан кемани ҳеч кимга номаълум йўналишга қўйиб юборган ва уни тартибга солиш ҳеч қандай қўмондоннинг қўлидан келмайди.

«Босман иши» футбол соҳасининг иккита асосий қоидасига зарба берди ва футбол ривожини умуман бошқа йўналишга буриб юборди: трансфер тизими ва легионерлар лимитига.

Ўша воқеагача футбол бошқаруви анча мустақил бўлган ва алоҳида тармоқ сифатида бошқариларди. ФИФА ёки УЕФА каби ташкилотлар футбол соҳасини бошқаришар ва баъзида бу қоидалар айтайлик, Европа меҳнат ҳуқуқи каби кодексларга мос келмаслиги ҳам мумкин бўлиб қоларди.

Жумладан, Босмангача футболчи клубининг рухсатисиз бошқа жамоадан қўним топа олмасди. Ҳатто шартнома муддати тугаган тақдирда ҳам автоматик равишда эркин агентга айланмас, клубининг уни трансфер қилишини кутишга мажбур эди. Клуб эса футболчига хоҳлаган нархни қўяр ва унинг устидан тўла ҳуқуққа эга бўларди.

Шунингдек, барча давлатларда легионерлар учун лимит белгиланган ва 90-йиллар бошларида клублар фақатгина уч легионерни бир вақтда майдонга тушира оларди холос. «Босман иши»дан кейин эса ҳар икки ҳолат Европа инсон ҳуқуқлари қоидаларига мос эмаслиги тасдиқланди. Босман ким эди ўзи? Келинг яхшиси, ўша «Иш»ни эслайлик ва бу бизга ҳолатга баҳо беришимизда ёрдам беради.

Жан-Марк Босман 1964 йилда Бельгияда туғилган. Ўсмирлик пайтларида мамлакат терма жамоасини сардори сифатида майдонга тушган бўлса-да, кейинчалик, фаолияти у қадар ёрқин кечмаган. Хуллас 1986 йилда «Стандарт» клуби уни «Льеж»га сотиб юборади ва футболчи янги клуби билан тўрт йиллик шартномага имзо чекади.

1990 йилда шартнома муддати тугайди ва молиявий томондан таназзулга учраб бораётган клуб Босманга янги шартнома таклиф қилади. Янги шартномага кўра Босман олдингисидан кўра тўрт баробар кам маош олишга рози бўлиши керак эди. Табиийки, 25 ёшли футболчи бунга рози бўлмайди ва клуб томонидан 11 743 000 франкка трансферга қўйилади.

Босман ўзи учун яхшигина вариант топади ва Франциянинг иккинчи дивизиони вакили «Дюнкерк» клуби билан келишади, аммо бунга «Льеж» ҳам розилик бериши керак эди. «Льеж» аввалига 4.8 миллионга футболчини сотишга рози бўлади, ҳаммаси ҳал бўлгандек эди, фақатгина Бельгия клуби барча ҳужжатларни Франция футбол федерациясига тақдим этиши керак эди холос. Негадир «Льеж» фикрини ўзгартиради ва ўртамиёна клуб тўлай олмайдиган даражада катта трансфер нархини талаб қилади. Босман клубига қайтишга рози бўлади ва у «Льеж» билан янги шартномага имзо чекиши ёки навбатдаги харидорни кутиб ўтиришга мажбур эди.