Дунё минбарларини забт этаётган ўзбек ёшлари
Бугун юртимизда ёшлар ўзларига берилаётган эътибор, уларга яратилаётган кенг имкониятлардан тўғри фойдаланиб, юксак ақл-идрок ва интеллектуал салоҳиятларини намоён қилган ҳолда юрт равнақи ҳамда ватан тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Бу борада самарқандлик ёшлар ҳам ортда қолишаётгани йўқ. Таниқли журналист, ёзувчи ҳамда шоир Нурулла Остоновнинг ўғли Ойбек Остонов ана шундай иқтидорли ёшлардан бири ҳисобланади. Ёшлигидан илмга чанқоқ Ойбек мактабни аъло баҳоларга тамомлагандан сўнг Самарқанд Давлат университетининг иқтисодиёт факультетига давлат гранти асосида ўқишга киради. Олийгоҳни битирган Ойбек немис тилини ўзи мустақил тарзда ўқиб-ўрганиб, Германия давлатига ўқишга кетади. У ерда икки йиллик таълимдан сўнг, инглиз тилини ҳам пухта ўзлаштириб, Англиянинг нуфузли таълим даргоҳига ҳужжатларини топширади ва ўқишга киради.
Юрт кезган, билим ва дунёқарашларини кенг бойитган ёш иқтидор соҳиби 2008 йилда ўз юртига қайтгач, немис тилидан гид-таржимонлик қила бошлайди. Ундаги салоҳият ва иқтидор эса фаолияти давомида янада шаклланиб боради.
Ижодкор инсоннинг фарзанди бўлганлиги боис Ойбекнинг адабиётга қизиқиши юқори эди. Унинг уйида кўплаб ўзбек ҳамда хориж адабиёти дурдоналари жамланган китоб жавони бор. Ишдан бўш пайтларида китобларни мутоалаа қиларкан Ойбекда бадиий адабиёт таржимасига қўл уриш ғояси уйғонади. Шу тариқа у китоб таржима қилишга киришиб кетади.
Унинг дастлабки таржимаси Германияда катта ҳурмат қозонган ҳажвчи-юморист Ҳайнц Эрҳарднинг «Noch’n gedicht» («Яна шеърият») деб номланган китоби бўлди. Китоб ўзбек ва немис китобсеварлари томонидан илиқ кутиб олинди ва ёш таржимон бадиий адабиёт таржима қилишда давом этди. Ўтган йиллар давомида Ойбек ўзбек халқининг атоқли намоёндалари Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» («Der schelm»), Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» («Kein himmel auf erden»), Абдулла Қаҳҳорнинг «Анор» («Der granatapfel») каби асарларини, шунингдек, «Буюк ипак йўли ривоятлари» (ушбу китоб 2017 йилда француз тилига ҳам таржима қилинди — «Contes de la grande route de la soie») деб номланган ривоят ва афсоналар жамланмасини тўплаб уларни ўзбек тилидан немис тилига таржима қилди.
Ушбу китоблар нафақат ўзбек, балки немис адабиётчилари ва китобсеварлари томонидан илиқ кутиб олинди. Айниқса, германияликлар ёш таржимоннинг маҳоратини юксак эътироф этишди.
Тиниб-тинчимас ижодкор бу ишлар билан чекланиб қолмади. У 2015 йилда ўзини тадбиркорлик фаолиятида ҳам синаб кўриш истагида сайёҳлик фаолияти билан шуғулланувчи «DOCA Tours» (Discover Oriental Central Asia) МЧЖ ни ташкил этди. Ҳозирда ушбу сайёҳлик фирмаси дунёнинг кўплаб мамлакатларининг туристик ташкилотлари билан шартномалар имзолаб Германия, Буюк Британия, Швейцария, АҚШ, Франция, Испания, Италия ва бошқа кўплаб давлатлардан хорижлик сайёҳларнинг Ўзбекистонга сайёҳлик ташрифини йўлга қўйиб келмоқда.
Шунингдек, Ойбек Остонов 2014 йилдан буён (йилда икки маротаба — баҳор ва куз фаслларида) Европанинг қатор давлатлари, хусусан, Германия ва Швейцарияда Ўзбекистоннинг маданий-маърифий ҳамда адабий кечаларини ўтказиб келмоқда. Бундай адабий кечаларда юртимизнинг бой ўтмиши, шонли тарихи, урф-одати ва анъаналари, ўзбек адабиёти ва санъати шуҳратини хорижликларга кенг тарғиб қилиб келаяпти. Бу тадбирларни Ойбек Остоновнинг шахсан ўзи ташкил этиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Тадбирларда Мустақил Ўзбекистонимиз мадҳини тараннум этувчи фото альбомлар, брошюра ва буклетлар, видеослайдлар тайёрланиб йиғилганларга намойиш этилади. Бу эса Ўзбекистон ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш имконини беради.
Ойбек Остонов юқоридаги анъанага содиқ қолган ҳолда жорий йилнинг март ойида ҳам Германиянинг бир нечта шаҳарларида шундай адабий кечаларни ўтказиб келган эди.
Яқинда, аниқроғи 2017 йилнинг 2 ноябрь куни ёш ижодкор яна бир бор Германияга учиб кетди. 11 декабрга қадар давом этаётган сафар мобайнида Ойбек Остонов Германиянинг 27 та шаҳарларида «Ўзбекистон — Буюк ипак йўлининг марвариди» деб номланган тақдимот маросимлари бўлиб ўтмоқда.
Унда нафақат ўша шаҳарларнинг фуқаролари, балки ўзбек адабиётига эътибори ҳамда қизиқиши юқори бўлган немис адабиётшунос олимлари ва китобсеварлари, ҳатто шаҳар Мэрлари ҳам бевосита иштирок этиб келишаётганликлари барчамизни бирдек қувонтириши шубҳасиз. Шунингдек, ташкил этилаётган учрашувлар Германиянинг нуфузли газета ва журналларида чоп этилмоқда. Қолаверса, бу ҳақда радио ва телевидение орқали эшиттириш ва кўрсатувлар ҳам эфирга узатилаяпти.
Ҳозирга қадар 17 та шаҳарда ўтказилган тадбирларда ўзбек халқининг бой маънавий мероси, адабиёти ва санъатига ихлосманд 600 нафардан ортиқ германияликлар иштирок этишгани ҳақиқатдан ҳам қувонарли. Яна 10 кунлик тадбирлар ҳам шундай уюшқоқлик билан ўтиши кутилмоқда. Уларда жами 1000 нафардан ортиқ германиялик фуқаролар иштирок этиши кутилаяпти.
Мазкур учрашувларда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамда консуллик идора вакиллари ҳам иштирок этишмоқда. Ҳар бир шаҳарларда ўтказилаётган тақдимот маросимлари ҳақидаги маълумотларни Ойбек Остонов ўзининг ижтимоий тармоқларидаги ўзининг веб-саҳифасида ҳам мунтазам эълон қилиб келаяпти. Ўз навбатида ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар томонидан ҳам Ойбек Остоновнинг ютуқлари, унинг юртимиз шуҳратини ўзга юртларда муносиб тарзда кўкларга кўтараётганлиги эътироф этилмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, 17 кун мобайнида ўтказилган адабий кечаларда Ўзбекистон ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлган 150 яқин германияликлар жаннатмонанд ўлкамизга ташриф буюриш истагини билдиришган.
Юртимизда Ойбек Остонов сингари юксак интеллектуал салоҳиятга эга ёшлар бор экан Ўзбекистон довруғи етти иқлимга таралаверади.
Давронбек Жамолов
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024