Қабоҳат ботқоғига ботган куёв: Самарқандда мудҳиш қотиллик юз берди
Фарзандининг бахту иқболини кўришни хоҳламайдиган ота-она бўлмаса керак. Шундай бўлгач, жигарбанди балоғат ёшига етган вақтда уйлантириш ёки турмушга бериш пайига тушади. Самарқанд туманида истиқомат қилувчи Самариддин Тошев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қизининг кўзи ожизлигидан қанчалик изтироб чеккан бўлса, вақти соат келиб унга совчилар келганида шунчалар қувонди. Куёв бўлмиш Аҳаджон Фозиловнинг ўн саккиз ёшда бўлишига қараб ўтирмади. Ўзича “тенги чиқса, текинга бер”, деган халқ нақлига амал қилиб, тўй ҳаракатига тушди. Тўй бўлиб ўтгач, анча хотиржам бўлди. Самарқанд шаҳридаги квартирасини ёшлар ихтиёрига бериб қўйди. Афсуски, унинг бу хотиржамлиги узоққа чўзилмади. Касалхонада даволанаётган вақтда қўнғироқ қилган акасидан шум хабарни эшитди-ю, бошидан ҳуши учди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Аввалига тинч-тотув яшаган икки ёш кўп ўтмай, арзимаган сабаблар устида жанжаллашадиган бўлиб қолишди. Аслида бундай келишмовчиликлар деярли барча оилада бўлиб туради. Бундай вазиятда эр-хотиндан бири овозини баландлатса, иккинчиси паст келиб, имкон қадар жанжалнинг олдини олиши керак. Қолаверса, бир кун жанжал бўлган хонадондан қирқ кун барака кетади, деган гап ҳам бор. Аҳаджон эса ёшлик қилдими ёки бошқа сабаб биланми, хуллас, бундай “ғиди-биди”ларга тоқат қилолмади. Ўтган йилнинг август ойида уйдан бош олиб чиқиб кетди.
Турли ишлар билан ўзини овутиб юрар экан, хотинини “йўқ қилиш” режасини туза бошлади. Аввалига бу фикрни миясидан чиқариб ташлашга ҳаракат қилди. Бироқ бора-бора қарори қатъийлашиб, бу қабиҳ ишдан ўзини қайтара олмади.
Умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши ҳам бировнинг арзандаси эканлиги, биринчи гуруҳ ногиронлиги, вақти келиб унга оталик бахтини инъом этиши, қолаверса, бу иши учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланганлигидан кўз юмди. Ачинарлиси, қабиҳ ишини амалга оширишда вояга етмаган ўспирин – 2000 йилда туғилган Хурсанд Шаватовнинг ёрдамидан фойдаланди, уни ҳам ўзи қазиган чоҳга туширди.
Х.Шаватовни бошлаб уйига келган эрини хотини яхши кутиб олди. Дастурхон ёзиб, овқат ҳам пиширди. Танаввул қилишганидан кейин телевизор кўриб ўтирган Хурсандни қолдириб, ўзлари бошқа хонага ўтишди. Бироздан кейин Аҳаджон қайтиб чиқди ва чўнтагидан кичкина пичоқча олиб, стол устига қўйди-да, Хурсандга ўзи ҳозир кириб хотинини бўғишини, у эса шу пичоқча билан уни ўлдириши кераклигини тайинлади. Шунингдек, телевизорнинг овозини ҳам баландлатиб қўйди. Дарҳақиқат, кўп ўтмай қўшни хонадан аввалига шовқин, кейин Аҳаджоннинг “Тез бу ёққа кел”, деган овози эшитилди. Хурсанд шу заҳоти пичоқча билан қуролланиб, ўша томонга отилди. У ичкарига кирганда, Аҳаджон хотинини бўғиб турар, аёл эса қўлидан келганча унга қаршилик кўрсатарди. Хурсанд вақтни ўтказмай, буйруқни бажаришга киришди. Шу вақтда жабрдийда жон ҳолатда унинг қўлидан пичоқчани тортиб олади. Хурсанд ошхонага югурди. У ердан бошқа пичоқ олиб келиб, яна ишга киришди. Кейин пичоқни Аҳаджонга берди...
Аёл жимиб қолгач, ҳайвон қиёфасидаги бу кимсалар хонадаги шкафларни титкилаб, пул қидиришга киришди. Кўрпачалар орасидан 15 минг сўм чиқди. Пулни чўнтагига солиб, хотинининг қулоғидаги зиракларни ҳам ечиб олди. Сўнгра йўлакда ётган кўрпачани ёқиб, жуфтакни ростлашди. Уйни ёқиб юборсак, жиноятнинг изи ёпилади, деб ўйлашганди, бироқ...
Кўп ўтмай, қўшнилар уйдан тутун чиқаётганини пайқаб қолишди. Эшикни ҳар қанча тақиллатишса-да, ҳеч ким очмагач, ёнғин хавфсизлиги бўлими ҳамда милицияга хабар қилишди...
Суд томонидан ожиз аҳволдаги фуқарони қасддан ўлдирган Аҳаджон Фозиловга 19 йил муддатга, Хурсанд Шаватовга эса 14 йил муддатга тарбия колонияларида ўташ шарти билан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024