«Ҳар ўнинчиси». Сохта дориларнинг жаҳон бозори ҳақида маълумот берилди
БМТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) юз минглаб одамларнинг ўлимига олиб келиши мумкин бўлган сохта дори-дармон препаратларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича ҳисоботни эълон қилди. ЖССТ экспертлари бу нолегал бозорнинг жаҳон ҳажмини 30 миллиард долларга баҳолашди, деб ёзмоқда «Коммерсантъ» газетаси.
Энг кўп сохта дори воситалари ривожланаётган давлатларда – асосан Африкада учрайди. Сохталаштириш учун энг оммабоп препаратлар эса антибиотиклар, анальгетиклар ва безгакка қарши дорилардир.
ЖССТ сешанба куни янги тадқиқотни тақдим этди, у сохта дори-дармон препаратлари муаммосига бағишланган. Ташкилот экспертларининг таъкидлашича, ўрта ва паст даромадга эга ривожланаётган давлатлардаги ҳар ўнинчи дори воситаси сохта саналади. ЖССТдан таъкидланишича, бундай дориларни қабул қилувчи инсонлар нафақат ўз пулларини йўқотади, балки соғлиғи ва ҳаётини ҳам жиддий хавф остига қўяди. «Сифатсиз ва сохта дорилар жамиятнинг энг ҳимояланмаган қатламига зарба бўлиб тушади, - дея маълум қилди ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус. – Тасаввур қилинг, агарда она овқат ва бошқа асосий маҳсулотлардан ўз фарзандининг даволанишига пул тўлаш мақсадида воз кечса, ҳамда дори тегишли нормативга мос эмаслиги ёки шунчаки сохта эканини билмаса – ахир бу боланинг ўлимига ҳам олиб келиши мумкин. Мамлакатлар жаҳон даражасида бу муаммога қарши кураш олиб бориш чоралари тўғрисида келишиб олишди – энди ушбу келишувларни ҳақиқий ҳаракатларга ўтказиш керак».
Ҳисоботда таъкидланишича, 2013 йилдан бери ЖССТ сифатсиз ёки сохта дорилар ҳақида тахминан 1,5 мингта хабар олган. Антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи ва безгакка қарши препаратлар энг кўп сохталаштирилади.
Сохта дорилар ҳақидаги энг кўп хабарлар эса Африкадан (42 фоиз) келган, иккинчи ўринда Америка қитъаси (21 фоиз), Европадан ҳам худди шунча мурожаат юборилган.
ЖССТнинг аниқлик киритишича, 2013 йилга қадар жаҳон даражасида сохта препаратлар билан боғлиқ вазиятни мунтазам равишда кузатиб бориш имконини берувчи тизим бўлмаган, бироқ ЖССТ томонидан тегишли мониторинг, назорат ҳамда ҳисобот механизми яратилгач, кўплаб давлатлар унда фаол иштирок эта бошлади. 141 давлатдан бўлган тартибга солиш идораларининг тахминан 550 нафар ходими ЖССТ томонидан махсус ўқитилди.
Мавзуга оид
14:32 / 14.11.2024
Покистон Ўзбекистонда "биотехнологик" дори воситаларини ишлаб чиқариши мумкин
18:19 / 13.11.2024
ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:48 / 01.11.2024