Light | 13:08 / 02.12.2017
37202
6 дақиқада ўқилади

Очлик ҳиссини қандай енгиш мумкин?

Фото: lifehacker

Зерикиш ва ёмон кайфиятдан узоқлашинг. Бу сизга умуман керак эмас. Қуйидаги маслаҳатларга риоя қилсангиз, сизни бўғирсоқлар ва товуқ оёқларини тинимсиз орзу қилишдан халос этади. Бироқ тўлақонли тўйимли таомлардан бутунлай воз кечиш керак эмас. Тўйиб овқатланмаслик ҳам саломатлик муаммоларига сабаб бўлади.

1. Бир стакан сув ичинг

Фото: uppa

Баъзан чанқоқлик очлик билан ниқобланади. Ишоралар ўхшаш бўлгани сабабли, биз истагимизни адаштиришимиз мумкин. Шунинг учун даставвал хона ҳароратидаги сувдан ичинг. Агар сувнинг ўзи оғирлик қилса, унга лимон ёки раъногул қўшинг. Кун бўйи бир идишда сув олиб юринг. Суюқлик ошқозонингизни тўлдиради ва сиз камроқ сэндвичлар тановул қиласиз. 

2. Тишларни тозаланг

Фото: getty images

Бу ҳам сизни бироз бўлса-да, очлик ҳиссидан халос этади. Биринчидан раъногул ҳиди иштаҳанинг очилишига сабаб бўлган бошқа ҳидларни кеткизади. Иккинчидан, тиш пастаси таркибидаги лауретсульфат натрий унинг кўпикланишига ёрдам беради ва ширинлик сезиш рецепторларни вақтинча ишлатмайди. Шу боисдан ҳам тиш ювилганидан сўнг таом истеъмол қилинса, тахирроқ туюлади.

3. Сақич чайнанг

Агар тиш шўткаси ёнингизда бўлмаса, муқобилидан, яъни сақичдан фойдаланинг. Род Айланд университети олимлари бу усулнинг самарадорлигини ҳам исботлашди. Тадқиқот чоғида аниқланишича, эрталаблари сақич чайнаган кишилар тушлик вақтида 70 килокалория камроқ таом тановул қилган. Инсон сақич чайнаганида мияга тўқлиқ ҳисси юборилади. Шу билан биз танамизни алдаймиз.

4. Саримсоқпиёз ёки занжабил енг

Фото: getty images

Бу маҳсулотлар, парҳезшуносларнинг фикрича, очлик ҳиссини камайтиради. Албатта, иш жойида саримсоқпиёз тановул қилишнинг имкони йўқ, бироқ занжабил илдизи солинган сувни ичиш унчалик машаққатли иш эмас. Ушбу зираворнинг самараси тажриба йўли билан исботланган. Колумбия университети ўтказган тадқиқотга биноан занжабил очликни камайтиради ва тановул вақтида тўйиш ҳиссини тезлаштиради. 

5. Югуринг

Фото: imin.co

Навбатдаги таомланиш ўрнига югуришга чиқинг. Кардиомашғулотлар очлик ҳиссини бироз унутишга ёрдам беради. Гап шундаки, иштаҳага грелин номли гормон сабаб бўлади. Айнан у мияга истеъмол қилиш ишорасини беради. Америкада ўтказилган яна бир тадқиқотда маълум бўлишича, югуриш вақтида ушбу гормон ишлаб чиқилиши камаяди. Шу боис спорт билан шуғуллангандан сўнг, иштаҳа бўлмайди.
 
6. Диққатни бошқа нарсаларга қаратинг

Фото: cbc.ca

Одатда бизнинг музлатгич ёнига бориб бутерброд тайёрлашимизга зерикиш ҳам сабаб бўлади. Шундан сўнг, сериални қўйиб, аслида танамиз талаб қилмаган нарсани еб қўямиз. Шу сабабли ўзингизни нима биландир машғул қилишга урининг. Уйни йиғиштириш, сайр қилиш ёки дўконларни айланиш. Асосийси бу сизнинг эътиборингизни чалғитсин. Агар бироз вақтдан сўнг, очлик ҳиссини ёддан чиқарсангиз, демак бу ҳақиқатан ҳам ёлғон очлик ишораси бўлган.
 
7. Иштаҳани очувчи таомлардан четланинг

Кимгадир очқаши учун шунчаки Instagram тармоғида иштаҳани қўзғатувчи тушлик ёки янги кондитерлик маҳсулотининг рекламасини кўриши кифоя қилади. Моҳирлик билан монтаж қилинган роликларни томоша қилар экансиз, очлик ҳиссини уйғотувчи гормон ишга тушади ва натижада биз “очқаб қоламиз”. 

8. Таомнинг мазали иси билан чекланинг

Таомнинг ҳиди нафақат иштаҳани карнай қилади, балки уни “ўлдиради” ҳам. Олма, ванил, банан ёки раъногул ҳиди тўқлиқ ҳиссини уйғотади. Олимларнинг аниқлашича, аччиқ шоколад, аниқроғи унинг ҳиди ҳам шундай таъсирга эга. Агар очлик сизни доим таъқиб қилса, иродангиз етмаса, ёнингизда ҳидли шамлар ёки мой олиб юринг.
 
9. Таом вақтига риоя этинг

Фото: mindmegette

Парҳезшунослар кунига 5–6 марта овқатланишни тавсия этишади. Аммо бу рақам танангиз хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда фарқланиши мумкин. Асосийси — белгиланган жадвалдан четга чиқманг ва муҳим таомларни ўтказиб юборманг. Ўшанда танангиз шу тартибга ўрганади ва очлик хуружлари рўй бермайди. 

10. Нонушта қилинг

Тўғри нонушта қилиш фойдаси кўплаб тадқиқотларда тасдиғини топган. Масалан, америкалик олимлар тадқиқот чоғида икки гуруҳга турли таомлар билан нонушта тақдим этишган. Биринчи гуруҳдагилар оқсилга бой овқатларни тановул қилишган бўлса, иккинчи гуруҳ аъзолари ишдан аввал бир жом қаҳва билан кифояланишди. Тўйиб овқатланганлар тушгача тўқ бўлишган ва кун давомида камроқ калория истеъмол қилишган. 

Умуман олганда тонгги нонушта сизнинг доимий ва ажралмас одатингиз бўлиши керак. Бўтқа ва омлет кетмаса, бошқа нарса тановул қилинг. Асосийси — таомга оқсил ва мураккаб углеводларни қўшишга ҳаракат қилинг: ёнғоқлар, дуккакли донлар, донли маҳсулотлар. Уларни ҳазм қилиш учун тана кўпроқ энергия ва вақт сарфлайди. Демак, сиз анча вақт тўқ юрасиз. 

11. Тўғри тамадди қилинг

Ва ниҳоят, очликка қарши курашишнинг энг ёқимли усули бу енгил тамадди қилиш. У тўғри, мувозанатли ва режали бўлиши мақсадга мувофиқ. Углеводлар, айниқса, фастфуд ва ширинликлар билан умуман тамадди қилмаслик керак. Бу маҳсулотлар очлик ҳиссини йўқотади, бироқ у узоқ давом этмайди. Бир соат ўтар-ўтмай яна очқаб қоласиз. 

Яхшиси ёғсиз кефир, қайнатилган тухум ёки ёнғоқ тамадди қилинг. Шунда қадди-қоматингиз ва соғлиғингизга зиён етказмасдан тўқ юрасиз. 

Мавзуга оид