Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги низом ҳамда айрим идоравий мансуб ташкилотларнинг уставлари тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2017 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3 304-сон қарорини ижро этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

 

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Республика таълим марказининг устави 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Уқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика ташхис марказининг устави 3-иловага мувофиқ;

А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг устави 4-иловага мувофиқ тасдиқланди.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири У.И.Иноятов зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги низомга кўра, вазирлик умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавоб берадиган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари (кейинги ўринларда ҳудудий бўлинмалар деб аталади), Вазирлик тузилмасига кирадиган ташкилотлар юридик шахслар ҳисобланадилар, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамларига эга бўладилар.