Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ва ҳукумат идораларининг аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш даражасини янада ошириш мақсадида навбатдаги фармонга имзо чекди. Қуйида унинг тўлиқ матни келтирилмоқда. 

Мамлакатда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда, бу аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради. 

2003 йилдан буён тадбиркорлик субъектларини “ягона дарча” тамойили бўйича рўйхатдан ўтказиш туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари (кейинги ўринларда Инспекциялар деб юритилади) томонидан амалга ошириб келинган. 

2016 йил 1 январдан бошлаб Инспекциялар негизида Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари (кейинги ўринларда Ягона марказлар деб юритилади) ташкил этилди. 

2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди. Натижада Ягона марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди. 

2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги “Doing Business 2018” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга яхшилашга хизмат қилди. 

Шу билан бирга, давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантирадиган сифат жиҳатидан янги даражага ўтишига айрим тизимли муаммолар тўсқинлик қилмоқда. Хусусан: 

биринчидан, “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш имкониятидан фақат тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкин. Бунда фуқаролар ҳанузгача турли давлат органларида ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мураккаб тартиб-таомиллардан ўзлари ўтишга мажбур бўлмоқда; 

иккинчидан, қатор давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларининг мавжуд эмаслиги, улар идоралараро интеграция қилинишининг паст даражада эканлиги жисмоний ва юридик шахслар томонидан барча давлат хизматлари мажмуасидан қулай ва ўз вақтида фойдаланишни таъминламаяпти; 

учинчидан, кўпчилик давлат хизматларини кўрсатишнинг тартиб-таомиллари мураккаб ва фойдаланиш учун қийин бўлиб қолмоқда, нархни шакллантириш механизмлари шаффоф эмас, алоҳида ҳолларда тор идоравий манфаатларда “монопол” хизматлар кўрсатишга талаблар белгиланмоқда;