Ўқитувчилар ва уларнинг муаммолари ҳақида кўп ва хўп гапирилди. Бу мавзу ҳақида чунонам гапирилдики, энди бу гаплар қалбимизни ортиқ ларзага солмайдиган, ҳайратимизни оширмайдиган одатий турмуш манзараларига айланди. Аммо биз гапираверамиз. Бунга сабаблар кўп, аммо улар ичида энг ҳақиқийси бу гаплар замирида ИНСОН манфаати, унинг қадр-қиммати ётибди. Хуллас, биз гапиришда давом этамиз...

Таҳририятимизга Наманган шаҳрида жойлашган касб ҳунар коллежларидан бирида узоқ йиллардан буён дарс бериб келаётган ўқитувчи аёл қўнғироқ қилиб қолди. Табиийки, айнан қайси коллеж ва айнан кимлигини мақолада келтиришимизни истамади. Унинг сўзларига қулоқ солар эканмиз, дунёнинг мана-ман деган давлатлари-ю, миллиардерлари роботлар ишлаб чиқаришга қанчадан қанча маблағ ажратишяпти, бизда эса туғма роботлар сероб эканлигига амин бўлдик.

“Текширувчилар келармиш...”

Фото: 123RF

“Кетма-кет икки кун - 13-14 декабрда очиқ дарс ўтдим. Иккинчи кун ўтаётганимда коллежимиз директори келиб, текширувчилар келармиш, сизнинг хонангизга олиб кирамиз-да, деб қолди. Бир пайт салом йўқ, алик йўқ 30 нафарга яқин кишидан иборат жамоа хонага тапир-тупур кириб келишиб, дарров қоғозга ёпишиб кетишди. Яна ҳужжатбозлик. Бунинг ўрнига ўқувчиларнинг билими, уларнинг шароити ва нимага қизиқишлари, нималар зарурлиги ҳақида қизиқишмайдими? Мантиқсизликни қаранг... Ҳужжат нимани ҳал этиб бера олади? 

Оддий мисол: қиш мавсуми бошланди. Коллежимизга янги котель ўрнатиб беришди. У ҳам чироқ бўлса ишлармиш, бўлмаса йўқ. Ўқув хоналаридаги иситиш трубалари музлаб ётибди. Уйимдан электр печ олиб келиб ўрнатдим. Ўқувчилар хонага киришган заҳоти ўшанинг ёнида ғужғон бўлиб ўтириб олишади. Азоий баданидан совуқ ўтиб кетган ўқувчи дарс тинглайдими, ёзадими, ўқийдими? 

Текширувчилар форма ҳақида сўраганди, ўқувчиларимдан бири шарт ўрнидан туриб “Аввал хонани иситиб қўйинг, кейин форма сўрайсиз. Совуқда форма кийишга нима бор?”, деди. Унинг бу ўринли эътирози текширувчига эриш туюлди шекилли “Бу баҳона бўла олмайди”, деди.

Ойлаб пахта даласида юрдик. Лекин бирортаси келиб, давомат ёки форма ва ёки бирор нарса билан қизиқиб кўрмади. Декабрь бошланиб, ўқув ишлари жадал суръатда давом этаётган бир пайтда (чунки уч ой давомида дарслар қолиб кетган, уларга етиб олиш талаб этилади) ҳар икки кунда йигирма-ўттиз кишидан иборат текширувлар бўлиб турибди. Бунча одамнинг қиладиган бошқа иши йўқми?