Жаҳон | 09:55 / 27.12.2017
13014
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон МДҲдаги раислиги вақтида нималар қилмоқчи?

Фото: РИА Новости / Алексей Дружинин

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг маълум қилишича, мамлакат МДҲга раислик қилиши давомида энг асосий саъй-ҳаракатларни ҳарбий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтиради. Айниқса ҳарбий ҳамкорлик концепциясини амалга ошириш ва ташқи чегараларда чегараолди хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик дастурига алоҳида эътибор қаратилади.

"Жорий йилда жаҳонда кўплаб хавотирли ҳодисалар рўй берди – бу, биринчи навбатда, дунёнинг турли мамлакатларида терроризм ва экстремизмнинг фаоллашиши, Яқин Шарқдаги воқеалар ва Корея ярим оролидаги вазият", - дея айтиб ўтди у МДҲ давлатлари етакчиларининг норасмий учрашувида.

"Афғонистондаги вазият ёмонлашгани билан боғлиқ муаммоларни алоҳида тилга олиб ўтиш жоиз. Афғонистондаги вазият ҳамон халқаро ва минтақавий кун тартибидаги асосий масала бўлиб турибди. Афғонистонда, хусусан, мамлакат шимолида ИШИД террорчилик гуруҳи ва бизга маълум бўлган бошқа радикал гуруҳлар фаоллиги ошмоқда. Шу нуқтаи назардан халқаро террорчилик гуруҳлар кучларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ масала долзарб бўлиб қолмоқда. Бу гуруҳлар таркибида Ҳамдўстлик мамлакатларидан бўлганларнинг борлиги эса – алоҳида таҳдид. Шу билан бирга, бу давлатда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ҳажми ва экспорти ошмоқда", - дея қўшимча қилиб ўтди Раҳмон.

Унинг таъкидлашича, НАТОнинг Афғонистондаги кўп йиллик миссияси керакли натижаларни бермади. "Биз афғон жамияти келаси йили сиёсий ривожланишнинг жуда муҳим палласига киришини ҳам эътиборга олишимиз керак. Мен кейинги йилги парламент сайловлари ва мамлакатда бир йилдан сўнг бўлиб ўтиши мўлжалланган президентлик сайловларини назарда тутмоқдаман. Бу ҳодисаларнинг бари биздан керакли даражада эътибор ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этади", - дея айтиб ўтди Раҳмон.

Шу билан бирга, Тожикистон раҳбарининг қайд этишича, МДҲ давлатларидаги вазият барқарор бўлиб қолмоқда. "Бизнинг МДҲдаги раислигимизда асосий устувор йўналиш ҳарбий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилади. Биз ҳарбий ҳамкорлик концепциясини амалга ошириш ва ташқи чегараларда чегараолди хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик дастурига алоҳида эътибор қаратамиз. Терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан кураш масалаларига тегишли эътибор берилади", - дея маълум қилди у.

Президентнинг қўшимча қилишича, иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ва гуманитар соҳадаги ҳамкорликни илгари суришга ҳам тегишли саъй-ҳаракатлар йўналтирилади.

Мавзуга оид