00:05 / 29.12.2017
41713

Президент ва миллат етакчисининг мурожаатномаси

Фото: Президент матбуот хизмати

Тарихда миллат етакчиларининг таъсирли нутқлари бутун давлат ва жамиятларнинг ҳаётини тубдан ўзгартирганидан хабардормиз. Бу Периклнинг Афина аҳлининг сифатлари тўғрисидаги нутқи, император Петрнинг Полтава жанги арафасидаги нутқи ёки Авраам Линкольннинг Геттисберг нутқи – уларнинг барчаси халқлар тарихида янги саҳифани очишга муваффақ бўлган. Жон Кеннедининг қасамёд нутқи ноёб эффект ҳосил қилиб, Американи ўзгартирган. Уинстон Черчиллнинг “Биз курашамиз” номли нутқи замондошининг фикрига кўра “минг қуролга ва минг йиллик нутққа” тенгдир.

Буюк нотиқнинг маърузаси уч муҳим жиҳат билан фарқ қилади. Булар услуб, мазмун ва ўзининг мақсадли аудиториясига ўтказган таъсиридир. Атоқли тарихий нутқлар олийжаноб қадриятларга таянган ҳолда келажак ҳиссиётини ифодалайди ва миллат олдида турган вазифаларни бажариш учун бутун давлат ва жамият кучини сафарбар этишга даъват этади. Пировардида эса бундай нутқлар миллат онгининг ажралмас қисми сифатида хотирада сақланиб қолади. 

“Мамлакат ҳолати” тўғрисида мурожаатнома

Ҳозирда дунёнинг етук мамлакатларида давлат раҳбарининг халқ ноибларига тақдим қиладиган йиллик мурожаатномаси амалиёти мавжуд. Мисол учун, АҚШ Президенти ҳар йили мамлакат Конгресси олдида “Иттифоқдаги ҳолат” («State of the Union») юзасидан анъанавий мурожаатнома билан чиқади. Бу сиёсий анъана 1790 йилга бориб тақалади. Унда биринчи президент Жорж Вашингтон илк бор Конгрессга мурожаат қилган.

Россия Федерациясининг президенти Федерал Мажлисга мамлакатдаги ҳолат, ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари тўғрисида ҳар йили мурожаатнома тақдим этади.

2010 йилдан бери бундай сиёсий анъана Европа Иттифоқида ҳам амалга оширилиб келмоқда. Ҳар йили Европа Комиссияси раиси Европа парламенти вакиллари олдида Европа Иттифоқидаги ҳолат юзасидан ҳисобот беради.

Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси

Мамлакатимиз тарихида илк бор бу йил юртбошимиз жонли эфирда Олий Мажлисга “Мурожаатнома” тақдим қилди. Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев давлат амалиётимизда яна бир инновацияни жорий қилди. 

Авваламбор, мен учун бу мурожаатнома «дастурий» бўлиб, мамлакатдаги ҳолатга холисона баҳо берган. Президент фактларни аниқ ва конкрет, қатъий ва адолатли, утопия ва эйфорияга берилмай баён қилди. Бу чорак асрли ўтмишга янгича қараш бўлди. Нутқ нафақат олийжаноб идеалларга мурожаат этди, балки мамлакат лидерининг истиқболга нисбатан стратегик қарашларига асосланган аниқ баёноти бўлди. Бугунги кунга қадар ҳамма қабул қилган статистик рақамлар қайта кўриб чиқилди ва уларга янгича ёндошув қабул қилинди.

Юртбошимиз умумий жараёнларда хусусий тафсилотларни ва хусусий тафсилотларда умумий вазиятни кўра билди. У миллий масалалар ҳақида мулоҳаза ва глобал масалалар ҳақида мушоҳада юритди. Энг муҳими, давлат раҳбари барчасини халққа кўрсата билди. 

Ниҳоясига етаётган йилни сарҳисоб қилар экан, Президент ҳам кириб келаётган йил, ҳам яқин бир неча йилга урғу берди. Чунки айнан яқин давр ичида биз давлатимиз ва халқимиз куч ва имкониятларини мамлакат тараққиёти ва динамик ташқи сиёсатни амалга ошириш учун сафарбар қилишимиз керак. Ушбу мурожаатнома “халқ билан мулоқот” тамойили ҳамда тараққиёт стратегиямиз узлуксиз олға қараб бораётганидан далолатдир.

Президент маърузасида урғулар шундай қўйилганки, барча давлат идоралари раҳбар ва ходимларига ўз мажбуриятларининг моҳиятини қайта идрок этиш юклатилган.
Ахир мурожаатномада баён этилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш йўлида 2018 йил ҳал қилувчи босқич бўлиши кутилмоқда, демак кириб келаётган йил, юртбошимиз таъкидлаганидек, “биз учун осон бўлмайди”. Лекин барча қийинчилик ва синовларга қарамасдан мурожаатноманинг умумий маъноси меҳнатсевар халқимизнинг улкан салоҳиятига ишонч ва оптимизмга тўла эди. Ўзбекистон Президенти “танлаган йўлимиздан қайтмаймиз”, деб инонтирди.

Хулоса сифатида шуни айта оламанки, биз илҳом ва ғайрат бағишловчи миллат лидерининг мурожаатига гувоҳ бўлдик. Бу шундай маъруза эдики, бир шахсда ҳам нотиқ ҳам давлат арбобининг тимсоли мужассам бўлди. Бу тарихий маърузанинг чуқур мазмунли ифодасини контент-таҳлилчилар ҳали кўп вақт ўрганишади. Шак-шубҳасиз, ушбу мурожаатнома миллий онгимизнинг яқин йиллар давомида ажралмас қисми бўлиб қолади.

P.S.: Юқорида айтилганидек, Ўзбекистон Президентининг мурожаатномаси АҚШ, Россия, Европа давлатларида қабул қилинган амалиёт билан ҳамоҳангдир. Шу билан бирга, бир муҳим фарқни ҳам айтиб ўтайлик. Анъанага кўра, АҚШ Президенти сайланганидан кейинги бир йил давомида мамлакатдаги ҳолат юзасидан Конгрессга мурожаатнома тақдим қилмайди. Бу амалиёт АҚШда президент фаолиятининг иккинчи йилидан бошланади. 

Ундан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон Президенти фаолиятининг биринчи йили якунида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ҳамкорлигининг ушбу уникал усулини жорий қилди. Бу борада юртбошимизнинг маърузаси шаклан инновацион ва моҳиятан замон талабларига мос келди.

Сардор Усмонов,
Халқаро Пресс-клубнинг 
Таҳлил ва мониторинг бўлими бошлиғи

Top