Ўзбекистон | 22:58 / 25.06.2024
5951
2 дақиқада ўқилади

Ижтимоий ҳимояга муҳтожларга шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқди. 

Мазкур қонун лойиҳаси билан бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи, ёлғиз кекса ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби. 

Қайд қилинишича, қонун билан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда. 

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қилинган ҳомийлик маблағларини солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига қўшиш назарда тутилмоқда. 

Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар, шунингдек, оилалар манфаатларини кўзлаб фуқаролик ва маъмурий судларга аризалар, шикоятлар, даъволар киритилганда давлат божини тўлашдан озод қилиш белгиланмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид