Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида 2017 йилга баҳо берар экан, халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, деб айтишга тўла ҳақли эканимизни алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор мақсад ҳамда вазифаларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлди. Аввало, давлат органлари фаолиятида туб бурилиш кузатилди. Бунда «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғоя асосий мезонга айланган.
Фуқароларимизнинг айни масала юзасидан фикр-мулоҳазалари, хулосалари қандай?
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мингдан зиёд респондентлар ўртасида ўтказган галдаги тадқиқотда ушбу саволга жавоб изланди.
Мониторинг кўрсатишича, халқимизнинг давлат бошқаруви ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятига берган баҳосида ижобий тенденция кузатилди. Хусусан, 2017 йилнинг биринчи чорагида респондентларнинг 47,1 фоизи давлат идоралари ишидан қониқиш ҳосил қилган бўлса, тўртинчи чоракка келиб мазкур кўрсаткич 52,3 фоизни ташкил этди.
Аҳолининг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятидан фуқаролар қониқишининг энг юқори даражаси Сурхондарё (86,7 фоиз), Наманган (75,6 фоиз) ва Сирдарё (75 фоиз) вилоятларида аниқланди. Фарғона ва Жиззах вилоятлари аҳолисининг бу борада берган баҳоси мамлакат бўйича ўртача даражадан паст бўлди.
Тадқиқот жараёнида фуқаролар жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятига доир ахборотнинг очиқлик даражасини ҳам белгиладилар. Ҳар иккинчи респондент айни жабҳадаги ахборот очиқ ва улардан фойдаланиш мумкин, деб ҳисоблайди. Тўрт чорак мобайнидаги сўровлар мониторинги бу кўрсаткич 10,5 фоизга ўсганини тасдиқлади. Шунинг баробарида, ҳар учинчи респондент давлат идоралари фаолияти ҳақидаги ахборот ҳаммага ҳам очиқ эмаслигини ва улардан барча бирдек фойдалана олмаслигини таъкидлайди.
Сўровда 81,4 фоиз фуқаро мамлакатда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам беришда самарали чоралар кўрилмоқда, деб ҳисоблайди. Сўровнома иштирокчиларининг 80,6 фоизи инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, хавфсизлиги юқори даражада таъминланганига урғу берди.
Сўралганларнинг 78,5 фоизи пенсиялар, стипендиялар ва нафақаларнинг ўз вақтида тўланишидан қониқмоқда. 75 фоиз респондентнинг фикрича, улар яшаётган ҳудудда тадбиркорлик ҳамда фермерлик фаолияти учун зарур ва қулай шарт-шароитлар яратилган. 72,7 фоизи эса ёлғиз ва кексаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ҳамда тиббий ёрдамни ташкил қилиш саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолайди.















