2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.
Дастурнинг III боби «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган. Унинг Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга бағишланган дастлабки бўлимида амалга оширилиши мўлжалланаётган қуйидаги чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
Тараққиётнинг инновацион моделларини жорий қилиш орқали илғор ғоя, ноу-хаулар яратиш ва «ақлли» технологияларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган иқтисодиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳа билан Ўзбекистонни технологик ривожлантириш ва ички бозорни модернизация қилиш бўйича миллий дастур тасдиқланади. Дастурда:
- инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий ва институционал асосларини яратиш;
- иқтисодиётни бошқаришнинг янги механизмларини, замонавий ва илғор технологик ёндашувларни жорий этиш;
- инновациялардан фойдаланувчи, рақамли технологияларни жадаллаштирувчи, муқобил энергия манбаларини жорий қилувчи, ишлаб чиқаришнинг экологик тоза услубларини йўлга қўювчиларни рағбатлантириш механизмлари;
- иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигини баҳолашнинг инновацион мезонларини жорий этиш назарда тутилади.
Хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, мамлакатнинг инвестицион ва туристик жозибадорлигини ошириш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини кучайтириш.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари.
- Инвестициялар ҳамда туристларни мамлакатимизга жалб қилишга кўмаклашишни элчилар фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаш;
- Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналарининг ҳар бирида савдо ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи штатини жорий қилиш, уларга хос бўлмаган функция ва вазифаларни юкламаслик чораларини кўриш;
- элчихона ходимларини лавозимига қўйишда уларнинг иқтисодий билимларини синовдан ўтказиш назарда тутилади.

















