Нилуфар интернетдаги ўзининг шахсий саҳифасига кириб, янги хабарларни ўқий бошлади. Унинг диққатини Азиз (аслида Шерали) деган йигитдан келган хабар тортди. Хабарда илиқ фикрлар айтилган эди. Шу асно Азиз ҳам интернетга кирди-ю, салом йўллади. Улар танишиб олди, қизга йигитнинг гаплари маъқул келди. Йигит ҳам ўз навбатида қизнинг “ўзгачалардан ўзгача” эканлигини эътироф этди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.
Хуллас, виртуал оламдаги танишув кунора бўладиган ширин суҳбатларга айланди. Суратлар алмашинди. Бир-бирига манзур бўлган ёшлар учрашиб, келишиб олишди. Орадан бир ой ўтиб, улар шаҳардаги номдор кафеларнинг бирида учрашишди, суҳбатлашишди. Азиз нуфузли идорада ишлашини (гарчанд ҳеч жойда ишламаса ҳам), уйланмаганлигини (икки марта уйланган эди), ўта масъулиятли иши туфайли кейинроқ оила масаласи билан шуғулланмоқчилигини айтиб, роса қизни авради. Соддадил қиз унга чиппа-чин ишонди.
- Мен сизни кўриб, уйланишга қарор қилдим. Энди уйланмасам бўлмайди, сизсиз яшолмайман, - деди тилида, аслида дилида бошқа ният пинҳон эди.
Улар яна бир неча марта ресторан ва кафеларда учрашишди. Ҳар сафар йигит қизни севишини, унга уйланиш учун барчасига тайёрлигини айтарди. Азизнинг ҳаракатлари самара бериб, қизнинг ишончига кирди. Қизнинг нозик қалби унга боғланиб қолди. Йигит томон беихтиёр талпинадиган бўлиб қолди.
- Янги уй сотиб олаётган эдим, шунга 23 минг доллар етмай қолди. Иккимиз учун, бахтимиз учун шундай қилмасам бўлмайди, - деди Нилуфарга тушунтириб. Қиз унинг барча гапларига ишонди. Йиғиб юрган пуллари борлигини яширмади.
- Менда ҳам пул бор, сиз айтгандек кўп бўлмаса ҳам, анчагина бор, қолганини қарз олиб, тўплаб бераман, ахир уй иккимиз учун-ку, тўғрими, Азиз ака?
Фириб тўрини тобора ёйиб, қизнинг хаёлларини исканжага олаётган йигит бор маҳоратини ишга солди. Хуллас, ишонтирди.
Унинг гапига кирган Нилуфар холасидан 4500 АҚШ доллари олиб, роппа-роса 23 минг АҚШ долларини йигитга тутқазиб юборди. Азиз ҳам ўз навбатида:
- Бир ойлар ичида қайтараман, - деб ваъда берди.
Нилуфарнинг қулоғига секин шивирлаб: “Сени эса энг бахтли аёлга айлантираман”, деди. Келажакдаги тўкис бахтнинг келишидан қиз юраги энтикиб кетди.
Улар кунора учрашишар, Азиз қизни уйигача кузатиб келарди. Нилуфар бир куни ичидагини ташига чиқарди:
- Азиз ака, бундай юришимиз яхшимас, маҳалламиздагилар гап-сўз қилишади, ортиқча миш-мишга ҳушим йўқ. Илтимос, совчингизни тезроқ юборсангиз, ҳар қалай “унаштирилган-ку”, деб бизни тинч қўйишади.











