Ўзбекистон | 14:30 / 15.01.2018
17142
3 дақиқада ўқилади

Туғма эшитиши заиф болаларга кохлеар имплант ўрнатиш учун 3,3 миллион доллар ажратилди

Фото: Guardian

15 январь куни Тошкент шаҳридаги «Тараққиёт стратегияси» марказида «Фаол тадбиркорлик ва инновацион технологиялар ва ғояларни қўллаб қувватлаш йили» Давлат дастуридан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасида ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган матбуот брифинги бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова «2018 йилда ижтимоий аҳамиятга молик иккита йирик қонун: «​Ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида»ги қонун ҳамда «Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш тўғрисида»​ги қонун қабул қилиниши» белгиланганини маълум қилди.

«Ўтган даври ичида Президент Виртуал қабулхонасига ногиронлар масаласида келиб тушган 5000дан ортиқ мурожаатларни ўрганиб чиқиб, ногиронликни аниқлашда ҳар йили қайта тиббий экспертиза мезонлари ва амалиёти кўпчиликка қийинчилик туғдиришини аниқладик. Негаки, битта қўли йўқ одам ҳар йили ҳақиқатан қўли йўқ эканини қайта белгилатиши, шунингдек, тиббий экспертизадан ўтиши талаб этиларди», деб таъкидлаб ўтди вазир ўринбосари.

Эльмира Баситханованинг сўзлари юқорида таъкидланган ҳолатларни инобатга олиб, бундай тартибга тегишли ўзгартириш киритиш режалаштирилган. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш тартибини такомиллаштириш, уларни замонавий протез-ортопедик мосламалар билан таъминлаш чораларини қайта кўриб чиқиш ҳақида ҳам сўз юритилди.

«Виртуал қабулхона орқали келиб тушган 2000дан мурожаат ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий протез-ортопедик мосламалари билан таъминлашни сўраб юборилган. Айни шу масалада мутахассислар билан келишиб, янги қонун лойиҳасида ушбу ишларни тартибга солиш бўйича алоҳида таклифлар ўрганилмоқда. Яна бир масала борки, ечими узоқ пайтгача топилмай қолганди: эшитиши заиф бўлиб туғилган болаларни кохлеар имплант мосламаси билан таъминлаш. Бу борада мамлакатимизда тажрибали мутахассис шифокорлар фаолият олиб боради, аммо масаланинг ечими бориб маблағга тақалади. Шундай қилиб, жорий йил ҳисобидан туғма эшитиш заифлиги аниқланган болаларга кохлеар имплант мосламаларини ўрнатиш учун 29 миллиард сўм ёки 3,3 миллион АҚШ доллари ажратилди», деб қўшимча қилди у.

Мавзуга оид