Light | 19:20 / 22.01.2018
63323
3 дақиқада ўқилади

Сувни қачон ичган маъқул: овқатгача, ундан кейин ёки овқатланиш давомида?

Фото: screenshot

Кимдир сувни овқатгача ичишни тавсия қилади, уларнинг фикрича, шунда овқат яхши ҳазм бўлади. Бошқа биров эса буни хавфли деб ҳисоблайди, чунки сув ошқозон ширасини суюлтиради, бунинг натижасида эса овқат ҳазм қилиш жараёни секинлашади. Аслида қай бири ҳақиқат эканини билиш учун "Лайфхакер" гастроэнтролог, тўғри овқатланиш ва овқат ҳазм қилиш тизими саломатлиги ҳақидаги блог муаллифи Анна Юркевичга мурожаат қилди.

Гап сув ҳақида кетганида уни қандай ва қачон ичиш эмас, қанча ичиш муҳим. Бироқ шунда ҳам баъзи "лекинлар" бор.

Озиқланишга доир қўлланмаларда одатда 25-30 мл/кг рақамлари қайд этилади — инсонга айнан шунча сув ичиш тавсия этилади. Албатта, бу рақамлар шартли, чунки инсоннинг қанча сув ичиш кераклиги қатор омилларга боғлиқ:

  1. Ҳаво намлиги ва ҳароратига;
  2. Инсон тана ҳароратига;
  3. Вазнга;
  4. Ёш ва жинсга;
  5. Жисмоний фаолликка;
  6. Касалликларга, биринчи навбатда пешоб тизими касалликларига.

Инсон ўз организми сигналларига, яъни ташналигига  эътиборли бўлиши, уни эрта босқичда англай билиши керак. Бунинг учун қўл остингизда доим сув бўлсин. Чанқоғингиз қонгунича ва организмингиз қониқиш ҳосил қилгунича ичинг.

Энди эса навбат сув ва таом кетма-кетлиги масаласига.

Сув ошқозон ширасини суюқлаштириши ва кислотани пасайтириши, шубҳасиз, афсона.

Акс ҳолда, кислота даражасини камайтиришга мўлжалланган препаратларни белгилашга зарурат қолмасди, бир пиёла сувнинг ўзи етарли бўларди.

Сувни овқатдан олдин, ундан кейин ва овқатланиш давомида ҳам ичиш мумкин. Гап мақсад ва ичилаётган суюқликнинг ҳажмида. Оч қоринга ичилган сув тезгина ошқозонни тарк этади: 300 мл 5-15 дақиқада чиқиб кетади. Албатта, овқатгача бир литр ёки ундан ортиқ сув ичишга ҳожат йўқ, зеро суюқлик ошқозонни узоқроқ тарк этади, ейилган овқат билан бирга эса ошқозоннинг деворларини чўзиб, ёқимсиз ҳис-туйғуларни келтириб чиқариши мумкин.

Овқат вақтида суюқлик ичиш мумкин, айниқса, агар ёғсиз, қуруқ таомлар истеъмол қилаётган бўлсангиз. Бундай ҳолатларда сув ошқозонда овқат яхши ҳазм бўлишини яхшилайди.

Агар овқатдан сўнг бироз сув ичгингиз келса, бу нормал ҳолат. Асосий мезон — бу сизнинг хоҳишингиз, яъни ташналик ва сизнинг ҳиссиётларингиз.

Мавзуга оид