Жаҳон | 00:16 / 24.01.2018
5970
3 дақиқада ўқилади

Цунами юз бериши ҳолатига сузувчи электромобил ишлаб чиқилди

Фото: screenshot

Мотоспорт соҳасидаги ҳаваскор Хидео Цурумаки Японияда 2011 йил мартида юз берган вайронкор цунами оқибатлари, машиналарида омон қолмоқчи бўлганлар денгизга олиб кетилганларининг гувоҳи бўлган. Шунда у Toyota компаниясидан бўшаб, суза олувчи электромобиль яратишга аҳд қилди. У бу ғояси устида бир неча йиллар ишлади ва ҳозирда уни рўёбга чиқаришга яқин турибди.

Цурумаки устав капитали 1800 доллар бўлган компанияга асос солиб, ўз тажрибаларини гаражда бошлаган. У ўша ерда овқатланиб, ўша ерда ухлаган. У тез орада кундалик қўллаш учун бундай сузувчи электромобилни яратиш мураккаб вазифа эканлигини англаган. Бироқ шунга қарамай, у икки йил ичида оммавий ишлаб чиқариш мумкин бўлган кичик ўлчамли Fomm сузувчи электрокарини яратишга, маблағ топишга ва Таиландда фабрикани ижарага олишга муваффақ бўлган. У фабрикада йилига 10 мингта амфибия-электромобил ишлаб чиқаришни мўлжалламоқда.

Ихтирочининг айтишича, унинг мақсади шаҳарлик оила учун иккинчи машинага айланадиган тўлақонли сузувчи электромобил яратмоқчи. Унинг бу яратган машинаси эҳтимол қачондир унинг оиласи аъзоларининг ҳаётини қутқариб қолар. “Мен бу машинадан биттаси уйимда бўлишини истайман. Ўйлайманки, кўпчилик шундай ўйлайди”, деб айтган Цурумаки. У яратган электрокар бир қувватланишда 160 км масофа босиб ўта олади ва тезлиги 80 км/соатгачани ташкил қилади. 

Жорий электрокар ихтирочи яратган 4-прототипдир. У электромобил шунчаки ўз-ўзича сузиб юрувчи эмас, балки сувда тўлақонли бошқарилиши учун бир қатор муаммоларни ҳал қилишига тўғри келди. Бунда унга Токио университети муҳандислари кўмаклашишган. Электрокарнинг ғилдирак дисклари ўзгача шаклда бўлиб, унинг эвазига ғилдираклар сувда парраклар каби ишлай олади. Улар ёрдамида автомобиль сувда бурила олади. 

Fomm суза бошлаганда, сармоячилар ҳам топилди. Таиланднинг Trinex қурилиш компанияси квартиралар харид қилувчи мижозларига ушбу автомобилни таклиф қилмоқчи. Машина Таиландда ижарага олинган заводда ишлаб чиқарила бошланиши керак. 

Ҳозирда ихтирочи олдида турган вазифа – машина таннархини арзонлаштириш. Электромобиллар ишлаб чиқариш ўзи шундоқ ҳам қиммат туради, сузадигани эса янада қимматроқ. “Бу товуқ ва тухум воқеасига ўхшайди. Арзон бўлиши учун, кўпроқ ишлаб чиқариш керак, бироқ бундан олдин арзонроқ қилиш керак”, дейди ихтирочи. Илк Fomm қимматга тушади: Таиландда унинг нархи 18 минг доллардан ошади. 

Carnorama компанияси мутахассиси Кен Мияонинг айтишича, бу ғоянинг муваффақиятга эришиши нархга боғлиқ бўлади. “Улар машиналарини анъанавий машиналар каби арзонлаштиришлари керак. Ўйлайманки, ҳеч ким ҳаётда бир марта учраши мумкин бўладиган ҳолат учун 2 баробар қиммат пул тўламайди”, деб айтган мутахассис.