Жаҳон | 22:25 / 25.01.2018
15285
2 дақиқада ўқилади

Олимлар маймунларни клонлаштиришди

Фото: Qiang Sun and Mu-ming Poo

Хитой фанлар академияси олимлари гуруҳи клонлаштиришдаги муваффақиятлари ҳақида ҳисобот беришди. Тадқиқотда маълум қилинишича, улар иккита бир хил макака маймунини ярата олишган.

Генетиклар иккита бир хил маймунни Долли қўйини клонлаштиришда қўлланган усул ёрдамида яратишди. Бу усул маймунсимонларда иш бермаслиги тахмин қилинган, бироқ хитойлик биологлар маймунларни клонлаштиришнинг ўз технологияларини ярата олишган.

Олимларга мавжуд усулни яхшилаш учун 2 йил талаб этилган. Улар “улкан сондаги хатолар ва муваффақиятсизликларга учраганлар”, биринчи клонлар туғилганидан бир неча соат ўтиб нобуд бўлаверган. Олимлар матрицали РНК ва трихостатин А қўшиш эвазига клонлаштирилган макакаларнинг ўлиш эҳтимолини камайтира олишди. Бу материаллар 2 мингдан кўпроқ генни уйғотишга имкон берган. Олимлар, шунингдек, тухум ҳужайрани уруғлантиришни имитация қилиш учун ток қўллашган. 

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, энди инсонларни клонлаштиришда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Фақатгина бунинг ахлоқий томонларини ҳал қилиш қолди.

“Маймунларни, шу жумладан инсонларни клонлантиришда энди техник тўсиқлар йўқ. Биз бу тўсиқни барбод қилишга қарор қилган сабаб – инсонларни даволашда ёрдам берадиган жонзотлар моделларини ишлаб чиқаришдан иборат”, деб айтган тадқиқот ҳаммуаллифи Му-Мин Поо.

Аввал ҳам маймунларни клонлаштиришган, бироқ ўшанда клонлар эмас, бир тухумли эгизаклар дунёга келган. Бу ҳолатда эса макакалар мутлақ бир хил ва яхши ривожланмоқда. Уларнинг ёши 8 ва 6 ҳафтани ташкил қилади. Ҳукумат биологларнинг ушбу лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Олимларнинг тадқиқоти биринчи навбатда саратонга қарши кураш, иммунитет бузилиши ва бошқа ирсий касалликларни даволаш усулларини яхшилашга қаратилган.

Мавзуга оид