Light | 23:20 / 28.01.2018
7553
7 дақиқада ўқилади

Қандай қилиб Париж стартапи онлайн таълим инқилобини амалга оширди?

Фото: DR

Пьер Дюбюк 400 нафар ўқитувчига дунёнинг 128 мамлакатида минглаб талабаларни ўқитиш имконини берувчи OpenClassrooms платформасига асос солди. Асосий жиҳати — у барча битирувчиларни ишга жойлаштиришда ёрдам бериш мажбуриятига эга.

College Board (Америкадаги хусусий таълим ташкилоти) маълумотларига кўра, 2017-2018 ўқув йилида АҚШ хусусий коллежларидаги ўқиш ва кириш тўловларининг  ўртача нархи 34 740 долларни ташкил қилган, давлат коллежларидаги Америка фуқаролари учун - 9 970 доллар ва давлат таълим даргоҳларига ўқишга кираётган чет эл фуқаролари учун - 25 620 доллар.

Ҳа, бу оз пул эмас, айниқса сўнгги 40 йилдан ортиқ вақт давомида даромадларнинг ўртача кўрсаткичи инфляцияни ҳисобга олганда нисбатан бир маромда қолаётгани инобатга олинса. Бу даврда коллежларда ўқиш нархи 276 фоизга ошиб, ўртача даромаднинг 25 фоизини ташкил қилди, 1971 йилда эса у атиги 7 фоизни қайд этди. Ҳозирча нархларнинг ошиши секинлашуви кўзланаётгани йўқ. Агар таълим харажатларига эътибор бермайдиган бўлсак, таълим тизими битирувчиларни қай даражада XXI аср учун зарурий кўникмалар билан таъминлаётгани масаласи қолади.

Бу масаланинг муқобил ечими устида 11 йилдан бери бир дадил, лекин шу билан бирга, бошқалардан фарқ қилмайдиган 29 ёшли нормандиялик йигит ишламоқда. Унинг компанияси OpenClassrooms номини олди, Пьер Дюбюкнинг ўзи эса - унинг асосчиси ва бош директори. "Мен OpenClassrooms'га тўрт йил аввал дўстим Матье Небра билан асос солганман, бироқ бу бизнинг 1999 йилдан буён давом этаётган хоббимиз эди", - дейди Дюбюк.

Таълим барча учун

Дюбюкнинг миссияси — таълим олиш имконини ошириш. Парижда асос солинган онлайн-платформа юзлаб ходимларни бирлаштиради ва 400 ўқитувчига ойига 128 мамлакатда минглаб талабаларни ўқитиш имконини беради. Дюбюкнинг таъкидлашича, бизнес йилига 150 фоизлик ўсишни қайд этиб ва BPI, Citizen Capital, Xavier Niel (NJJ Capital) ва Alven Capital'дан тахминан 8 миллион венчур маблағларни жалб қилиб, тезкорлик билан  ривожланмоқда.

Уларнинг онлайн курси ва таълим дастурлари Франция давлати томонидан қўллаб-қувватланган ва 50 мамлакатда тан олинган, шундай бўлса-да, у АҚШда ҳали расман аккредитациядан ўтказилмаган. "Бизнинг тизимимиз коллежлардаги анъанавий таълимдан фарқ қилади, бироқ реал ҳаётда бу худди шундай талабалик йиллари - машғулотлар, ўқитувчилар, жамоа, алоқалар ва иш берувчилар билан ҳамкорлик", - дейди Дюбюк.

"OpenClassrooms'ни тугаллагандан кейин воқеалар ривожининг уч хил варианти бор: ё сиз ходим сифатида иш топасиз, ёки фрилансер сифатида фаолият олиб борасиз, ёки ишбилармон сифатида ўз компаниянгизга асос соласиз. Биз эса шу вариантларнинг ҳар бири бўйича ресурслар ва коучинг тақдим этамиз. Битирувдан кейин сизларни табриклаймиз ва ҳоказо, бироқ асосий мақсад — сизга иш топиш. Бу бизнинг мажбуриятимиз".

Дюбюк

OpenClassrooms ишга ёллашда талабаларнинг кўникмалари бугунги талабларга жавоб беришига шу қадар ишончи комилки, компания ҳатто битирувчилар ўқиш муддати тугагандан кейин олти ой давомида иш топа олмаган тақдирда,  пулларни кафолатли қайтаришни таклиф қилмоқда. Бугунга келиб OpenClassrooms битирувчилари Apple, Toyota, IBM, Louis Vuitton, Hewlett Packard, AXA каби топ компанияларда ишлашмоқда.

Дюбюк ва Небра ёш бўлишларига қарамай, бу иш билан анчадан бери шуғулланишмоқда. 1999 йилда Небра веб-сайтлар ишлаш бўйича онлайн-курслар учун дастурий таъминот яратди. Иш жараёнида дўстлари келиб қўшилишини истади ва энг оддий йўл — курс ташкил қилиб, интернетда у билан бўлишиш эканини тушуниб етди. Дюбюк унинг лойиҳасига 2001 йилда 11 ёшида қўшилган ва кейинги 10 йил курсларни ташкиллаштириш унинг хоббисига айланди. Улар барчасини мустақил молиялаштиришган ва ойига 100 мингдан зиёд обуначини жалб қилишган. 2007 йилда улар муҳандисликка ўқиш баробарида биргаликда расмий компанияга асос солишга қарор қилишган. Дюбюк — Лион шаҳридаги Миллий Амалий фанлар институтида, Небра эса — Париждаги Ахборот ва рақамли технологиялар муҳандислик мактабида муҳандисликка ўқишган. Улар ўқишни тамомлашганидан сўнг ўзларини тўлиқ шу лойиҳага бағишлашга қарор қилишган ва шу тариқа, 2013 йилда OpenClassrooms компанияси пайдо бўлган.

Арзонроқ ва яхшироқ

"Бизда юздан ортиқ мамлакатдан талабалар бор, биз тўлиқ онлайн фаолият юритар эканмиз, маҳаллий мувофиқлаштирув нормалари ва аккредитация жараёнларини яхши тушунишимиз зарур. Бу кўп вақт талаб қилувчи жараён, янги дастурни ишлаб чиқиш талаба ўқиётган мамлакатга қараб 3 йилдан 9 йилгача вақт олади. Шу билан бирга, биз янги дастурлар ишлаб чиқиш учун университетлар билан ҳамкорлик қиламиз, зеро улар аккредитациядан ўтиб бўлган ва бренд ҳисобланади. Биз French Ivy League schools олий таълим даргоҳлари, шунингдек ўз соҳасининг етакчилари ҳисобланган Google, Microsoft ва IBM билан ҳамкорлик қиламиз. Улар билан бирга дастурлар яратамиз ва уларнинг услуби бўйича ўқув режасини ишлаб чиқишда экспертлар билан ишлаймиз", - дейди Дюбюк. - Аккредитация жараёни АҚШда етарлича вақт талаб қилади ва ишончим комилки, агар ундан ўтсак, бу у ердаги таълим тизимини тубдан ўзгартиради".

Уларнинг нархлари коллеждаги анъанавий таълимдан 10-25 карра паст ва одатда 2000-4000 долларни ташкил қилади, бу суммага куратор қўллаб-қувватлаши, коучинг ва кафолатланган иш жойи киради.

"Таълим сектори рақобат учун етилди. Вақт ўтган сари биз аниқ фанлар соҳасида кўникмаларни ўрганишга доир катта имкониятларни кўрмоқдамиз. Биз уларни қайта ўқитишнинг бошқа, янада мослашувчан ва арзонроқ йўлини топмоқчимиз", - дейди Дюбюк.

Бундай ўсиш шиддати ва бозор имкониятлари билан OpenClassrooms'нинг кўпроқ молиялаштириш воситаларига эга бўлмаётгани ажабланарли. "Ўйлашимча, бу рўй бериши мумкин, - дея кулади Дюбюк, - бироқ бу шунингдек биз ўз компаниямизни қандай қуришимизга ҳам боғлиқ. Бизга пул керак бўлмаган, зеро биз талаба бўлганмиз. Маблағ жалб қилишимизга ҳам ҳожат бўлмаган. Кейин эса биз бироз маблағга эга бўлдик, лекин бизнес ва бозор кўламини инобатга оладиган бўлсак, бу у қадар кўп эмас".

Келгусидаги режалар қандай?

"2025 йилга бориб бизнинг миллион нафар битирувчимиз миллион ишчи ўринга жойлашишини ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Иш берувчилар уларнинг ёнига ишга киришишга тайёр талабалар келишидан манфаатдор. Бозор ва салоҳият улкан, шу боис биз бунинг устида ишлашда давом этамиз", - дейди Дюбюк.