Бишкек музламоқда. Синоптиклар томонидан аномал деб баҳоланган аёзда бишкекликлар хонадонига иссиқлик узатиб турган шаҳардаги ягона иссиқлик электр маркази (ИЭМ) вазифасини уддалай олмай қолди. Баъзи хонадонларнинг ичидаги ҳарорат 9-11 даража илиқдан кўтарилмаяпти. Учинчи суткадирки, масъуллар авария оқибатларини батараф этишнинг уддасидан чиқишолмаяпти.
«Очиқ Осиё онлайн» ўзининг Қирғизистондаги ҳамкори — Kaktus.media таҳририяти билан ҳодисалар хоронологиясини тиклаб, совуққотаётган шаҳарликлар ва масъул амалдорлар билан гаплашган.
Нималар бўлаяпти?
27 январь куни маҳаллий вақт билан соат 18.00 да «Электр станциялари» ОАЖ матбуот котиби Тагжан Айдаралиев Бишкек ИЭМда сув узатишда носозлик юзага келганлиги туфайли кучланиш 340 МВтдан 154 МВтгача туширилганини эълон қилди. Бу нима деганини оддий бишкекликлар унчалик тушунишгани йўқ. Уларни фақат «Уйларга иссиқлик қачон қайтади?» деган савол қизиқтирарди. Уларга ана-мана дегунча, деб жавоб беришди, одамлар тинчланиб, ҳазил-ҳузул қилиб тарқалишди.
Бироқ шанба куни эрталаб ҳам вазият ўнгланмади. Соат 12:00га келиб шаҳарликларга Бишкек ҳокими Албек Ибрагимов мурожаат қилиб, ортиқча электр ускуналарни қўшмасликни сўради. У иссиқлик 6-7 соатда қайтишини ваъда қилди.
Соат 14:30 да ИЭМ директори Нурлан Ўмурқул ўғли Бишкек ИЭМда авария рўй бермаганини айтиб ўтди. У кимё цехида штатдан ташқари вазият юз берганини таъкидлаб, муаммо 22:00 гача бартараф этилишини ваъда қилди. Бу қандай штатдан ташқари вазият эканлигини у оддий истеъмолчи тушунадиган қилиб таърифлай олмади. Бироқ модернизация туфайли жиддий авариянинг олди олинганини айтиб ўтди.

1958 йилда ишга туширилган, қатор йиллар модернизация қилиб келинган ИЭМда нима юз берганини шаҳарликлар ҳозирча билишмайди. Шаҳар осмонида смогнинг кўпайганлигини улар янги ускуналарнинг ишга туширилиши билан боғлиқ, деб ўйлашди.
Шанба куни мулозимлар кечгача иссиқлик узатилишини ваъда қилишди. Якшанба куни улар бутунлай алоқага чиқмай қўйишди. Миллий энергия холдинги раҳбари Ойбек Калиев қўнғироқларга жавоб бермади, «Бишкектеплосеть» директори Эркин Абдихалиқов изоҳлашдан ўзини тортди ва вазият бўйича маълумотга эга бўлмаган матбуот котибига рўпара қилди.









