2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, жумладан, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида ҳам рақобатбардош иқтисодиётни барпо этиш иқтисодий фаолиятдаги энг муҳим вазифа этиб белгиланган.

Савол туғилади: Иқтисодиёт қанақа хусусиятларга эга бўлиши керак-ки, у рақобатбардош ҳисобланса? Бу масалага ойдинлик киритадиган мақолалар мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида деярли чоп этилмаган. Шунинг учун бу борада сўз юритишдан олдин ушбу саволга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрайлик.

«Рақобатбардош иқтисодиёт» деганда мақбул суръатлар ва мутаносиблик билан ўсиб борадиган миллий иқтисодиёт, унда хусусий мулкчиликка асосланган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун яратилган керакли шароитлар, аҳоли турмуш даражасини доимий яхшиланиб боришига хизмат қиладиган бозор иқтисодиёти қонунлари асосида ишлаб чиқилган хўжалик механизми, ишлаб чиқариш ресурслари эркин ҳаракатланадиган ва бозор механизми ёрдамида тартибга солинадиган очиқ иқтисодий тизим тушунилади.

Жаҳонда молиявий иқтисодий инқироз асоратлари тўлалигича бартараф этилмаган бир шароитда бундай олий мақсадга эришиш учун айнан бизнинг мамлакатимизда асосли имкониятлар мавжуд. Фақат аввал бир нарсани аниқлаб олишимиз лозим: жаҳон молиявий иқтисодий инқирози, жумладан, унинг иккинчи босқичи (2014–2015 йиллар) Ўзбекистон иқтисодиётига қай даражада ўз таъсирини ўтказди, унинг асоратларини бартараф этиш учун қайси чора-тадбирларни ва қандай кетма-кетликда амалга ошириш лозим?

Мамлакатимиз иқтисодиёти жахон хўжалигининг таркибий қисми эканлиги ва бошқа мамлакатлар иқтисодиёти билан чамбарчас боғланганлигини тушуниш учун иқтисодчи-олим бўлиш шарт эмас.

Глобал молиявий инқироз жаҳон бозорида шаклланган мувозанатни бузди, унинг конъюнктурасида юз берган ўзгаришлар Ўзбекистон экспорт қиладиган стратегик товарларга бўлган талаб ҳажмини камайтириб, уларнинг нархлари тушиб кетишига олиб келди. Бунга табиий газ, енгил автомобиллар, пахта толаси ва минерал ўғитларни мисол келтириш мумкин. Натижада, мамлакатимизга келаётган валюта тушумлари камайиб, олтин-валюта захирасининг қисқариши юз берди.

Меҳнат муҳожирлари томонидан жўнатиладиган пул ўтказмаларининг камайиши ички бозор сиғимининг қисқариши, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарнинг катта қисмида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасининг пасайиб кетишига, томорқаларда ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари миқдорининг кескин камайишига олиб келди. Пировард натижада, мамлакатимиз иқтисодиётида бир қатор мураккаб номутанобликлар вужудга келди, бу эса иқтисодий-ижтимоий масалалар ечимини мураккаблаштирмоқда. Бунга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин.