Саратонга қарши универсал вакцина синовдан ўтказилди
Стэнфордлик шифокорлар иммунотерапиянинг иммун ҳужайраларини муайян ўсимталарга йўллаш ва саноқли кунлар ичида уларни тўлиқ йўқ қилиш имконини берувчи янги турини ишлаб чиқишди ҳамда буни сичқонларда синовдан ўтказишди. Science Translational Medicine журнали шу ҳақида хабар берди.
"Бу антижисм ва молекулалар ўз-ўзидан саратонга ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди, бироқ уларнинг комбинацияси мутлақо ўзгача таъсирга эга. Биз уларнинг аралашмаси беморларни даволашда, шунингдек саратоннинг бошқа турларига қарши курашда ҳам худди шундай самарали натижа беришини тахмин қиляпмиз", - дейди Стэнфорд университети олими Рон Леви.
Сўнгги йилларда молекуляр биолог ва шифокорлар саратон, аллергия, диабет ва бошқа бедаво касалликларга қарши курашда иммунотерапияга алоҳида эътибор қаратишмоқда. У ўз моҳиятига кўра жуда оддий – олимлар инсон иммунитетини саратон ҳужайраларига қарши йўналтиришга ҳаракат қилишмоқда, бунинг учун турли антижисмлар, тирик микроблар ва қатор бошқа ноодатий "ўлжалар"дан фойдаланилади.
Бугунга келиб иммунотерапиянинг клиник синовлардан муваффақиятли ўтган ва АҚШ ҳамда қатор мамлакатларнинг назорат органлари томонидан тасдиқланган бир неча тури мавжуд.
Леви ва унинг ҳамкасблари иммунотерапиянинг жуда самарали версиясини ишлаб чиқишди. Бунга қадар бу каби ғояларни амалга ошириш муваффақиятсиз якунланганди, зеро аксарият саратон ҳужайралари ё иммунитетга кўринмайди, ёки унинг фаолиятига фаол тўсқинлик қилади.
Тажрибалар давомида олимлар атиги икки молекуладан фойдаланиб, керакли натижага эришиш мумкинлигини аниқлашди. Биологлар препаратларнинг бу комбинациясини кўкрак бези саратонига мойил бўлган сичқонларда синаб кўришди.
Тадқиқотлар натижасига кўра, бу аралашманинг киритилиши атиги 10 кунда ўсимтанинг тўлиқ йўқ бўлишига олиб келган. Шуниси диққатга сазоворки, унга қўшни бўлган янги ҳосил бўлаётган ўсимталар ҳам кичрая бошлаган, ҳолбуки олимлар уларга қарши мақсадли кураш олиб боришмаган.
Бундан ташқари, кейинги кузатувлар бундай вакцина сичқонларни янги саратон ўчоқлари пайдо бўлишидан ҳимоялашини, шунингдек жарроҳлик йўли билан уларнинг танасига имплантация қилинган бошқа турдаги саратон ўсимталарини йўқ қилишини кўрсатган.
Буларнинг бари, Левининг сўзларига кўра, бундай иммунотерапиянинг катта клиник истиқболга эга эканидан далолат беради. Манбада айтилишича, яқин йилларда қатор кўнгиллилар иштирокида клиник тажрибаларнинг самараси ўз исботини топади.
Мавзуга оид
17:42 / 08.11.2024
Олимлар саратоннинг энг агрессив шаклларини енгиш усулини ўрганди
15:23 / 30.10.2024
Олимлар саратонни сунъий интеллект ёрдамида даволашнинг янги усулини кашф этди
16:30 / 04.10.2024
Ўйинчоқлар ва идишлардаги қора пластик саратонга олиб келиши мумкин — тадқиқот
11:43 / 01.10.2024