10:19 / 02.02.2018
69121

“Ҳарна-да, ҳарна...”: Боғчаларни талаётганлар ким?

Фото: Fotolia

Пок қалбга зарра мисол қоралик келиб тушса, у қаттиқ титрайди. Шу сабабдан, ўша қалб соҳиби дарров тавба қилади, қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлади. Ана шу истиғфорлардан сўнг, қалбдаги қоралик тозаланади ва у яна аввалги ҳолатига қайтади. Агар киши қалбига қоралик тушган заҳоти қилган ишидан пушаймон бўлмаса, хулоса чиқармаса, билган ишидан қолмаса, қоралик тинмай тушаверган қалб бора-бора қаттиқлашади ва ҳеч нарсадан таъсирланмайдиган бўлиб қолади. Қалби қаттиқ инсон учун гуноҳ ишлар табиийлик тусини олади. Масалан, у бировлар ҳақини тап тортмай ейди, оиласига ташийди, боласига едиради. Ҳатто ўша ҳақ норасида болаларники бўлса ҳам...

2017 йилнинг 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 19 декабрдаги Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган мажлисида ҳам бу борада мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Фармон имзоланганига, топшириқлар берилганига ҳам ойлар бўлди. Аммо бу соҳада яна ўша лоқайдлик, яна ўша кўзбўямачилик, ўғирлик, талон-торож қилиш тўхтамаяпти, қайтанга давом этмоқда.

Масалан, жорий йилнинг 23 январь куни Мактабгача таълим вазири А.Шин Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган МТМ фаолияти билан яқиндан танишди. Ана шунда маълум бўлди-ки, ошпаз 2-овқатга берилиши лозим бўлган 35,22 кг гўшт ўрнига 31кг гўшт ишлатган. Меҳмонларнинг кутилмаган ташрифи уни эсанкиратгани боис, пишиб турган нўхатли бўтқага яна 4 кг хом гўштни солиб, кўзбўямачилик қилган.

Яна бир мисол: 31 январь куни Самарқанд шаҳридаги 69-мактабгача таълим муассасасида ўтказилган навбатдаги ўрганишда ҳам худди шу ҳолати кузатилган. Меъёр бўйича МТМдаги 297 нафар боланинг ҳар бирига 100 грамм гўшт маҳсулоти, жами 29,7 кг гўшт маҳсулоти ишлатилиши керак эди. Текширишлар шуни кўрсатдики, қозонга солинган ҳақиқий гўшт миқдори 3,7 кг.ни ташкил қилди. Тоғорага солинган хом гўшт маҳсулотининг оғирлиги 7.7 кг.ни, пишаётган ва хом гўштни қўшиб ҳисоблаганда, эса жами 11,4 килограммни ташкил қилди. 17,6 килограмм гўшт уриб қолингани аён бўлди.

Келинг, ҳақиқатдан кўз юммайлик – мазкур ҳолатлар Республикадаги бошқа МТМлардан кузатилмайди, деб ўйлайсизми? Тўғри, ораларида тоза қалб соҳиблари бошқариб турган боғчалар бор, аммо ўзга ҳамкасблари томонидан қилинаётган виждонсизлик улар ишига ҳам соя солаётгандек. Оддий мантиққа эътибор беринг: юқорида мисоллар келтириб ўтилган инсофсизлик қаерда бўляпти? Болалар боғчасида. Кимнинг ҳақи умариляпти? Болаларнинг. Ва ана шу ҳаром луқма олиб бориб, бошқа бир болага едириляпти. Энг даҳшатлиси, бу ишларнинг тепасида аёлдек улуғ зотлар турибди. Қора занжирнинг ифлос халқалари...

Одамга алам қиладигани давлат раҳбари тинимсиз, ором билмасдан, ўзини қийнаб Ўзбекистонни, ўзбек халқини ўзгартиришга, дунёқарашини кенгайтиришга, унинг турмуш тарзини яхшилашга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган бир пайтда танага тушган кўринмас дарддек, бир бурчакда биқиниб олганча, болалар ҳақини талаётган, мансабидан, имкониятидан тўғри фойдаланмай, қўлига нима тушса: гўштми, суякми, картошками, пиёзми, ҳожатхона қоғозими, талон-торож қилаётган айрим боғча мудираларидан нафратланмайдими киши? Нега биз бунақамиз? Нега кичик мансаб тегса, дарров ниманидир талаш, нимадан фойдаланиб қолиш ҳақида ўйлаймиз? Нега президент томонидан айтилаётган гаплар ҳақида мушоҳада юритмаймиз? Камол ва Ниҳоннинг севги афсонасини шарҳлашга етган ақлимиз, давлат раҳбарининг сўзларини чақишга етмайдими?

Аллоҳ ўзининг муқаддас каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг”. Бу ўзганинг ҳақига кўз олайтирманг, сиз Инсонсиз, пасткаш бўлманг, деганидир. Энди ўзгариш вақтимиз етди. Энди кенгроқ фикр юритиш учун имкониятимиз, салоҳиятимиз бор.

Ҳа, айтганча яқинда муҳарриримиз ўзи билан бўлган бир воқеани сўзлаб берди. “Бир куни фарзандларимни боғчага олиб бориш учун йўлга отландим. Машинада кетаяпмиз. Шунда қизим: “Дада, катта бўлсам директор бўламан”, деб қолди. Ҳайрон бўлдим. “Қанақа директор, нима учун айнан директор?”, деб сўрадим ҳам ҳайрат, ҳам қизиқиш билан. “Боғча директори! Зўр-да, Боғчамиздаги директорга маза, ҳар куни боғча опаларимиздан пул олганини кўраман...”. Ҳайратимга минг ҳайрат қўшилган эди ўшанда”.

Мана, биз маърифатни болаликдан ўрганар деб фарзандимизни олиб бораётган даргоҳда улар нимани ўрганиб, нимага ҳавас қилишмоқда. Энг фожиалиси уларга ўрнак бўлаётганлар кимлари эканлиги кундек равшан. Хуллас, хулоса ўзингиздан...

Сарвар Анвар ўғли,

журналист

Top