Жаҳон | 00:16 / 04.02.2018
27352
6 дақиқада ўқилади

Оқ уй ва республикачилар ФҚБга қарши уруш эълон қилди. Нималар бўлаяпти ўзи?

Республикачилар Дональд Трамп атрофидагиларнинг рус амалдорлари билан алоқаларини суриштириш бўйича комиссияни ёпишнинг иложини тополмаган бўлса ҳам, суриштирув ишларининг холисона олиб бораётганини савол остига қўйишмоқчи. Моҳиятан, Оқ уй ва АҚШ Республикачилар партияси ФҚБга уруш очишди. «Медуза» АҚШдаги 2018 йилнинг бош сиёсий можароси ҳақида нималар маълум эканлиги ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Фото: Louis Lanzano / AP

Сирли ёзишмалар

АҚШ вакиллар палатасининг разведка қўмитаси раҳбари Дэвин Нуньес Дональд Трампнинг собиқ маслаҳатчиларидан бири Картер Пейжнинг ёзишмалари кузатишда суиистеъмолчиликлар юз бергани ҳақида махфий ахборот тайёрлаган. Трамп гумашталарининг Россия билан алоқаларини мустақил суриштираётган Нуньеснинг фикрича, ФҚБда кузатиш учун етарли асос бўлмаган, улар ҳеч нарса билан далилланмаган, шубҳали мазмунга эга «рус маълумотномаси»гагина асосланишган. Маълумотномада айтилишича, гўёки Россия махсус хизматларида Трампга нисбатан компромат мавжуд; уни ҳам республикачилар, ҳам Ҳиллари Клинтон штабидан молиялаштиришга эга бўлган Fusion GPS компанияси буюртма қилган.

Трамп тарафдорларининг аксарияти ёзишмаларнинг ошкор этилишини талаб қилишмоқда. 1 февраль куни АҚШ президенти бунга қарши эмаслиги, боз устига, унга нисбатан ҳеч қандай цензура жорий этмаслигини таъкидлаб ўтди; ёзишмаларнинг эълон қилинишини ёқлаб Дэвин Нуньес раҳбарлик қилаётган қўмита овоз ҳам берди. ФҚБ, адлия вазирлиги ва демократлар эса бунга мутлақо қарши. Масалан, конгрессмен Майк Куигли ушбу ҳужжатни «юқори синф ўқувчиси ярим тунда, китоб ўқиш ўрнига, икки шиша пиво сипқориб ёзган ҳисобот дафтари», деб атади.

Муҳим жиҳат: ахборотнинг тўлиқ версияси учта ёзишмадан иборатга ўхшамоқда. Биринчиси — бу ўша, Нуньеснинг аввал бошдан маълум ҳужжати. Иккинчисини вакиллар палатасидаги демократлар тайёрлашган. Унда Нуньеснинг ёзганлари танқид қилинади — хавфсизлик қўмитасида кўпчиликни ташкил этувчи республикачилар уни эълон қилмасликка қарор қилишди. Афтидан, Нуньес томонидан тайёрланган учинчиси ҳам борга ўхшайди — уни Оқ уйга гўёки маъқуллов учун жўнатилган биринчи ёзишманинг таҳрирланган версияси дейишмоқда. Ҳозирча Трамп кўргани эмас, фақат биринчи версия ошкор этилмоқчи.

Картер Пейж ким ўзи?

Трамп  Merrill Lynch’нинг Москвадаги офисида ишлаган собиқ инвестицион банкир Картер Пейжни 2016 йилнинг мартида — сайловолди кампанияси чоғида ташқи сиёсат масалалари бўйича ўз маслаҳатчиси, дея эълон қилади. Пейж бир неча карра россиялик ишбилармонлар ва амалдорлар қуршовида пайдо бўлган, уни Россия телевидениесига «америкалик машҳур иқтисодчи», деб таклиф қилиб туришган. Москвада ишлагани Пейжга Трампнинг сайловолди штабида лавозимга эга бўлишда қўл келди. 2016 йил ёзига келиб Трампнинг атрофидагилар Пейж улар билан бирга ишламаётганини айтиб чиқишди.

ФҚБ 2014 йилдаёқ россиялик олий даражадаги мансабдорлар билан шубҳали алоқаси туфайли Пейж билан қизиқиб қолган. 2017 йилнинг апрелида суд Пейж ортидан кузатув ўрнатилишига розилик бергани ва бу рухсатни бир марта узайтиргани ҳам ойдинлашди. Ҳанузгача унга нисбатан бирор бир айблов эълон қилинмади. Ўша «рус маълумотномаси»да Пейж Трамп командаси ва россиялик мулозимлар ўртасидаги боғловчи сифатида тилга олинган. Унинг ўзи ҳам, Трампнинг командаси ҳам бир неча бор буни рад этган.

Картер Пейж. Фото: Sputnik

Хўш?!

Нуньеснинг таъкидлашича, Пейс кетидан кузатув уюштириш ўта шубҳали ҳужжатларга асосланган. Боз устига, ФҚБнинг судга мурожаатларини АҚШ бош прокурорининг амалдаги ўринбосари Род Розенстейн маъқуллаган. Айнан Розенстейн Трампнинг Россия билан алоқаларини суриштириш бўйича махсус комиссияни тузган ва унинг раҳбари сифатида Роберт Мюллерни тайинлаган. Мюллернинг иши жузъий натижаларга олиб келган: Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Жорж Пападопулос ёлғон гапиргани учун ҳибсга олинган ва кўрсатма бермоқда; миллиардернинг собиқ штаб раҳбари Пол Манафорт ҳам ушланган (тўғри, у бошқа иш юзасидан).

Республикачилар ФҚБ ва адлия вазирлиги Трампга қарши ўйнашмоқда, деб ҳисоблайди. Уларнинг далил-иботларини яна бир қур эслатамиз:

  • Картер Пейжни Ҳиллари Клинтон штабининг пулига яратилган маълумотнома бўйича кузатув остига олишган;
  • Пейж ортидан кузатув қўйишни Род Розенстейн маъқуллаган;
  • Род Розенстейн Россия билан алоқаларни суриштирувчи комиссияни тузган, бинобарин, у Трампга қарши ўйнамоқда.

Энди нима бўлади?

Уша ахборотларни эртами-кечми, барибир эълон қилишади — бунинг учун ҳеч қандай қонуний тўсиқлар ҳам йўқ. Бу ФҚБ директори Кристофер Рейнинг истеъфога чиқиши билан якун топади ва Оқ уйда янада кучлироқ бошбошдоқлик келтириб чиқаради, деб ёзади The New York Times. Vox’нинг қайд этишича, ёзишмалар кенг миқёсдаги суриштирув ишлари учун баҳонаи сабаб бўлиб хизмат қилиш керак, чунки унга кўра ФҚБ ва адлия вазирлигининг ўнлаб ходимлари Трампни йиқитишга уринишмоқчи ва кузатувлар учун ҳужжатларни сохталаштиришган.

Нуньеснинг даъволарига кўра (камида матбуот эълон қилганларига биноан) заиф нуқталар жуда кўп. Биринчидан, «рус маълумотномаси»ни тайёрлашда республикачиларнинг пулларидан ҳам фойдаланилгани эътибордан қочирилмоқда. Иккинчидан, Род Розенстейн нафақат Россия билан алоқаларни суриштирувчи комиссияни тузган, у шунингдек, ҳисобот ёзувини ҳам битганки, у ФҚБнинг аввалги директори Жеймс Комининг истеъфога чиқарилиши учун асос бўлган — у эса Трамп билан очиқчасига зиддиятга борар эди.

Мавзуга оид