Жамият | 23:18 / 07.02.2018
31170
4 дақиқада ўқилади

Ибрат манзили: Маҳмуд аз-Замахшарий қандай зот эди?

Фото: Wikipedia

Аксаримизнинг табиатимизда эринчоқлик борки, баъзан эрта тонгдан уйқу ва ҳаловатдан воз кечиб, ўқишга ёки ишга боришга эринамиз, ишларимизни кўнгил хоҳиши туфайли эмас, ички бир мажбурият юзасидан бажарамиз. Шундай пайтларда улуғ аждодимиз Маҳмуд аз-Замахшарийнинг ҳаёт йўлини бир эсласак, онгимизда соат бонг ургандай бўлса, ажаб эмас. Сабаби, бу буюк аллома барчамиз учун ибратдир.

Мутафаккирнинг тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад бўлиб, 1075 йил 19 мартда Хоразмнинг катта қишлоқларидан бири – Замахшарда таваллуд топган. Отаси унчалик бадавлат бўлмаса-да, саводли киши бўлган. 

Аллома ҳақидаги манбалардан маълумки, унинг бир оёғи ёғочдан бўлиб, тарихчилар бу ҳақда: “Бир оёғи ёғочдан эди ва узун яктагини тушириб кийгани учун кўрган одам уни чўлоқ деб ўйларди”, – деб ёзганлар. Тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватовнинг ёзишича, у ёшлигида бахтсиз ҳодиса (отдан йиқилиб оёғи қаттиқ лат егани, бунинг устига қаҳратон совуқ бўлгани) туфайли бир оёғини кестиришга мажбур бўлган ва бутун умри давомида ёғоч оёқда юрган. Шундан сўнг отаси уни “Энди оғир меҳнатга ярамайди”, деб кийим тикувчи устага шогирдликка бермоқчи бўлади. Бироқ илмга ҳавасманд бўлган Маҳмуд отасидан ўзини мадрасага ўқишга юборишни сўрайди. Ўғлидаги илмга бўлган зўр иштиёқ ва ҳавасни сезган отаси уни мадрасага беради.

У мадрасада ўқитиладиган илмларни, айниқса, араб тили ва адабиёти, диний илмларни пухта эгаллашга киришади, ўша даврда илм аҳли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллаб, тирикчилигини шу ҳунар билан ўтказган. 

Қизиғи, улуғ аждодимиз гарчанд жисмоний жиҳатдан нуқсонли бўлса-да, илм йўлида сафар қилишдан эринмаган. Машҳур шарқшунос олим, академик И.Ю. Крачковскийнинг “Ёғоч оёқда юрганига қарамасдан Маҳмуд аз-Замахшарий ҳазратлари ўта ҳаракатчанлиги билан ажралиб турган”, деб ёзиши ҳам бежиз эмас. У ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Ҳижозда, икки марта Маккада бўлган. Олим бу ерда илмий ишларини давом эттирган, замоннинг улуғ устозларидан сабоқ олган, илмий баҳс-мунозараларда иштирок этган. Қолаверса, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганиб, бу минтақа географиясига оид хилма-хил маълумотларни тўплаб, мукаммал асарлар яратган. Жумладан, араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал” номли китоби ҳанузгача ўз қийматини йўқотгани йўқ. “Асос ул-балоға” асари, асосан, луғатшуносликка бағишланган. Унда араб тилининг фасоҳати, мукаммаллиги ҳақида сўз боради. Фикрни чиройли ибора ва сўзлар билан ифодалаш, сўз бойлигидан усталик билан фойдаланиш учун киши фасоҳат илмидан яхши хабардор бўлиши керак. Бунинг учун сўзни тўғри, ўз ўрнида ишлатиш, қоидага мувофиқ сўзлаш ва ёзиш ҳам керак эканлиги баён этилган. 

Ўз даврининг йирик олими даражасига кўтарилган Маҳмуд аз-Замахшарийнинг Хоразмда ҳам, Шарқнинг бошқа кўпгина шаҳарларида ҳам кўпдан-кўп шогирдлари бўлган, аллома асосий вақтини ўшаларга бағишлаган. Шогирдлари ҳам алломани чуқур ҳурмат ва меҳр билан “Устоз ул-араб вал-ажам” (“Араблар ва ажамлар устози”), “Фахру Хваразм” (“Хоразм фахри”) каби шарафли номлар билан атаганлар. У қариндош-уруғларининг қийин-қистовларига қарамасдан, уйланмаган. Улуғ аллома 1144 йил 14 апрелда вафот этган.

1333 йили Хоразмда саёҳатда бўлган машҳур араб сайёҳи ибн Баттута (1304–1377) “Саёҳатнома” асарида Замахшарийнинг устида қуббаси бўлган мақбарасини кўргани ҳақида маълумот берган.

Мавзуга оид