Ўзбекистон | 22:20 / 16.02.2018
12380
5 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган инсонларни барча қатори қабул қилишни ўрганиш вақти келди

Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 16 ёшгача бўлган 84 900 бола ногиронлиги бўлган инсон сифатида рўйхатдан ўтказилган. 14 636 нафар бола ақлий ва жисмоний нуқсонлари бўлган болалар учун махсус мактаб-интернатларда ўз оилалари ва жамиятдан узоқда яшашади. Махсус муассасаларда яшовчи болаларнинг тахминан 90 фоизи ногиронлиги бўлган болалардир. 

16 февраль куни ЮНИСЕФ томонидан ногиронлиги бўлган шахслар масалаларини ОАВда тўғри ёритиш мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда БМТнинг доимий координатори ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакили Хелена Фрейзер, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Саша Грауманн, нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари ва ОАВ иштирок этди. Давра суҳбати интерактив ўйинлар ҳамда қизиқарли тақдимотларга уланиб кетди ва барчада катта таассурот қолдирди. 

Тадбирда асосий эътибор ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга ачиниш кўзи билан эмас, уларни барча қатори қабул қилиш вақти келганига қаратилди. Зеро бугун жамиятимизнинг барча жабҳларида катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шундай экан, бу жабҳада ҳам инсонлар онгини ўзгартириш ва баъзи ҳолатларга бошқача назар билан қарашни ўрганишнинг айни вақти. KUN.UZ мухбири ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Саша Грауманндан мавзуга доир интервью олишга муваффақ бўлди.

"Муаммо шундан иборатки, биз ногиронлиги бўлган болаларга кўпинча ачиниш кўзи билан қараймиз. Албатта, бу ёмон ниятда эмас. Бироқ бундай муносабат болага ҳеч қандай фойда бермайди, аксинча унинг жамиятга кириб бориш йўлида тўсиқ бўлади. Асосий масала шундаки, биз болаларга ўзини бошқа болалар каби ҳис этишига ёрдам беришимиз керак. Асосий эътибор уларнинг ҳуқуқларига қаратилиши керак. Ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция уларга ачиниш нуқтаи назари билан эмас, балки тўлақонли инсонлар ҳуқуқлари сифатида қараш кераклигини таъкидлайди. Шундагина уларни жамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзолари сифатида кўриш мумкин", - дейди у.

Грауманнинг сўзларига кўра, айнан болаларга кўпроқ эътибор берилаётгани сабаби бола кичиклигидаёқ ўзини англаши, ўзини ҳамма сингари билиши, кейинчалик эса жамиятда ўзини барча қатори тенг ҳуқуқли инсонлардек ҳис қилиши муҳимлиги билан изоҳланди. 

"Ҳар қандай мамлакатда ҳам ногиронлиги бўлган кишиларга муносабатда муайян муаммолар мавжуд, бугун уларни ҳал қилишга баҳолиқудрат ҳаракат қилинмоқда. Шунинг учун ҳам Ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг мамлакатлар томонидан ратификация қилиниши муҳимдир. Ана шу конвенциянинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилиниши учун адвокация ишларини олиб бормоқдамиз, чунки бу конвенция ратификацияси автоматик равишда миллий қонунчиликка ҳам тегишли ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Ўзбекистонга Ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган мамлакатларга қараб, уларнинг тажрибаларига назар ташлашни тавсия қиламиз", - дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ЮНИСЕФ ҳукумат билан доимий равишда ишламоқда ва ҳозир бу борада жуда яхши саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. "Ўйлайманки, ҳар қандай мамлакат ҳам у ёки бу конвенцияга қўшилганидан кейин ўз зиммасига катта мажбуриятларни олади ва миллий қонунларни шунга мувофиқ ўзгартиради. Ўзбекистон томон ҳам шу нуқтаи назардан тайёргарлик кўриб, ратификация қилиш учун саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда, зеро бу мажбуриятларни бажариш учун муайян ишларни амалга оширишга тўғри келади. Шунинг учун давлат бунга жуда жиддий ёндашмоқда. 

Биз - БМТ Болалар жамғармаси ва БМТнинг бошқа ваколатхоналари бу жиҳатдан Ўзбекистонда имкон қадар ёрдам беришга тайёрмиз. Масалан, ҳозир ногиронлиги бўлган инсонларнинг аҳволини билиш ва баҳолаш юзасидан жуда кенг миёсли тадқиқот олиб боряпмиз, унинг натижалари келгусида тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради", - дея ишонч билдирди Грауманн.

Бундан ташқари, тадбирда ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногиронлиги бўлган болаларнинг ота-оналари ҳам қатнашиб, уларга бўлган тўғри муносабат қандай бўлиши кераклигига эътибор қаратишди. Уларнинг таъкидлашича, ногиронлиги бўлган шахсларга ачиниш ҳисси билан қараш, уларга бошқалардан ажралиб туришини қайсидир хатти-ҳаракатлар ёки гап-сўзлар билан билдириш бундай инсонларга салбий таъсир қилади, руҳиятини чўктиради. Шундай экан, уларни ўзимиз каби қабул қилишни, ҳурмат қилишни ўрганайлик. Билиб-билмай уларнинг дилини оғритиб қўймайлик. Бу бирданига бўлмаслиги мумкин, лекин ҳар бир инсон ўзгаришни ўзидан бошласа, охир-оқибат жамиятда уларга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгаради. 

Мавзуга оид