Жаҳон | 22:50 / 20.02.2018
82982
4 дақиқада ўқилади

Энг ишончсиз самолётлар еттилиги (суратлар)

Самолёт ҳамон бутун жаҳонда энг ишончли транспорт воситасилигича қолмоқда. Албатта, ҳар бир авиаҳалокат чинакам фожиага айланади — аллақандай дақиқалар ичида юзлаб инсонларнинг бирваракайига нобуд бўлиши чиндан ҳам даҳшатли. Сўнгги вақтларда авиаҳалокатлар кўп ҳам кузатилмайдиган ҳодисаларга айланган. Масалан, 2017 йилда йўловчи самолётлар билан бутун жаҳонда айтарли ҳалокат содир бўлмади. Бироқ самолётлар тобора катталаша бораётган экан, унда ҳалок бўладиган инсонлар сони ҳам орта боради. Dnpmag.com тарихдаги энг хавфли самолётлар еттилигини тузиб чиқди — парвоз олдидан шунақасига минган-минмаганингизни бир текшириб кўрсангиз ёмон бўлмасди...

McDonnell-Douglas MD-11

Дунёдаги энг хавфли самолётлар ичида энг хавфсизи шу бўлса керак — 3.688.800 парвоз соатига атиги 1та авиаҳалокат тўғри келмоқда. MD-11 самолётларини ишлаб чиқариш 2001 йилда тўхтатилган, самолёт шунчаки самарасиз, деб топилган. Лекин жуда кўп йирик авиакомпаниялар — уларнинг орасида Finnair ва KLM кабилари ҳам бор — ундан ҳамон фойдаланишмоқда.
 

Boeing 727

Йирик авиакомпанияларнинг аксарият қисми аллақачон Boeing 727’дан воз кечиб бўлишган. Америкада бундай самолётни учратмайсиз, лекин ундан ташқарида 727 лар баъзан учраб туради. Бу модел сўнгги марта 2003 йилда Африканинг Бенинида ҳалокатга учраган — барча йўловчилар қурбон бўлган. Ўртача 2.306.300 парвоз соатига 1та авиаҳалокат тўғри келади.

 

McDonnell-Douglas DC-9

Бу самолётни негадир Американинг кўплаб майда авиакомпаниялари ёқтиришади. Delta Airlines каби йириклари ҳам бу «қария»дан фойдаланиб туришибди, ваҳоланки у 1982 йилдан буён ишлаб чиқарилмаяпти. Статистикаси ҳам у қадар ёмон эмас (рўйхатдагилар билан солиштирилганда, албатта): 1.068.700 парвоз соатига 1 авиаҳалокат.

 

Airbus A310

Йирик авиакомпаниялар, жумладан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳам, Airbus A310’дан фойдаланишни шунчаки бас қилишди — у эскирган, ишончли эмас, ниҳоят, жуда хавфли самолёт. Бироқ баъзи бир осиёлик авиаташувчилар бу моделдан ҳамон фойдаланишмоқда. Pakistan International Airlines’да, масалан, учта шундай самолёт бор, Yemenia Airlines’да биттагина бор эди, у ҳам 2009 йилнинг 30 июнида қулаган. Умуман олганда, 1.067.700 парвоз соатига 1 та Airbus A310 қулаб туради.

 

Ту-154

1994 йилдан 2017 йилга қадар жаҳонда Ту-154 самолётлари иштирокида 17та авиаҳалокат рўй берган. 1760 киши ҳалок бўлган. Лекин модель ҳамон МДҲ ҳудудида энг кенг тарқалган самолёт бўлиб турибди, айни пайтда 336 та самолёт парвозга шай. Қайғули статистика 1.041.000 парвоз соатига 1 дона Ту-154 қулашидан дарак бериб турибди.

 

ИЛ-76

Айни пайтда жаҳонда 247 та ИЛ-76 самолётидан фойдаланилмоқда. Жумладан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»да ҳам. Фойдаланувчиларнинг аксарияти собиқ иттифоқ давлатлари. 1974 йилдан буён ишлаб чиқарилаётган лайнер нечоғлик хавфли? ИЛ-76нинг 549.900 парвоз соатига 1 та авиаҳалокат тўғри келади.

 

Boeing 737 JT8D

Эски ва у қадар ишончли бўлмаган самолёт. Айни пайтда ундан фойдаланиш «етарли тарзда хавфсиз бўлмаган ҳаво кемаси» ташхиси остида Европа иттифоқида тақиқлаб қўйилган. Бироқ учинчи дунё давлатлари ўз авиапаркидан Boeing 737 JT8D ни чиқариб ташлашни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. 737нинг бу моделига 507.500 парвоз соатига 1 та авиаҳалокат тўғри келади. Тўғри, бот-бот дегани эмас, лекин бундай ҳолларда биттаси ҳам жуда кўплик қилади.

Мавзуга оид