Тасаввур қилинг: кўчада кета туриб, тақиқланган ҳудудда ахлат уюмига дуч келдингиз, у ердан келаётган бадбўй ҳид эса кайфиятга таъсир қилди. Шундай пайтда нима қилардингиз? Албатта, бунга бефарқ қараб бўлмайди. Мутасадди ташкилотга қўнғироқ қилиб, (катта эҳтимол билан бу Ободонлаштириш бошқармаси) вазият ҳақида маълумот берасиз. Табиийки, ходимларнинг етиб келиши ва муаммони бартараф этишга маълум муддат сарфланиши мумкин. Йўловчининг тиғиз пайтда жараённи кузатишга вақти бўлмайди, ҳисоб.

Таклиф этилаётган ProActive инновацион дастури орқали барчасини назорат қилиш имконияти мавжуд. Лойиҳа асосчилари - Тошкент шаҳридаги Инха университети талабалари  А.Сияев, Ш. Содиқов, Ю. Хўжаева, З. Усмоновларнинг фикрича, бу дастур фуқароларнинг ижтимоий огоҳлигини оширади.

Бу ҳақда батафсил маълумотларни муаллифлардан бири Юлдуз Хўжаева сўзлаб берди.

  • ProActive дастурини ишлаб чиқиш ғояси қай тариқа вужудга келди?
  • Яқинда Жанубий Кореянинг Инха университетида талабалар алмашинуви дастури бўйича таҳсил олиб, Ўзбекистонга қайтдик.
  • Стартап ишлаш механизмига тўхталиб ўтсангиз.
  • Тартиби жуда оддий: кўчада турли муаммолар юзага келиши, оқибатда бу аҳоли соғлиғи, хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Масалан, кўчада газ қувури портлаши, кичик йўл транспорт ҳодисалари ёки белгиланмаган жойлардаги  чиқиндилар.  Бундай пайтда дарҳол тегишли органга хабар қилиш зарурати пайдо бўлади.  Ўша пайтда мобил телефонингиздаги ProActive иловасига кириб, ҳолатни суратга туширасиз. Харитадан воқеа содир бўлган манзилни топиб, уни киритасиз.
  • Инновацион ғояни ишлаб чиқиш учун қанча вақт сарфланди?  
  •  4 ой муддат талаб этилди. Гуруҳда ҳар ким ўзига юклатилган вазифани астойдил бажарди. Шунинг учун, биргаликда келишиб ишлаш, нисбатан тақсимланган ишларни осонлаштирди, дея оламан. Гуруҳдошим Азиз иловани Android версиясини ишлаб чиққан бўлса, қолганлар лойиҳа учун  қўшимча дастурларни яратишди.
  • Корея ва АҚШда IT соҳаси бўйича таълим олгансиз. Хориждаги тенгдошларингиздан нималарни ўргандингиз?
  • Хорижда талабаларнинг мустақил фикрлашига кўпроқ эътибор беришади. Жаҳон тажрибасида мустақил таълимга кенг ўрин ажратилган. Бунда талаба турли инновацион лойиҳаларни амалга оширади. Қўшимча манбалардан изланади. Уларда мен қадрлайдиган жиҳат – ташаббускорликни кўрдим. Бирор ишни бошлагандан кейин унга сидқидилдан ёндашишади. Талабалар халқаро танловларга мунтазам қатнашишади ва ўзаро фикр алмашишади.