Олимпия чемпиони Алина Кабаеванинг отаси, асли ўзбекистонлик собиқ футболчи, Халқаро ислом бизнеси ассоциацияси раҳбари Марат Кабаев Forbes.ru мухбири билан суҳбатда ўзининг Россия ҳукумати билан қалин алоқаларини рад этди. У ассоциацияни бошқариши, лекин ишбилармонлик фаолиятини ўзи юритмаслигини таъкидлаган.

Икки ҳафта илгари «Дождь» телеканали Олимпия чемпиони, Давлат Думасининг собиқ депутати Алина Кабаевага тегишли «Национальная Медиа Группа» холдинги директорлар кенгаши раиси Марат Кабаев РФ президенти Владимир Путиннинг яқин доирасига кириши ҳамда Москва шаҳридаги қурилиш бизнесига сезиларли таъсир ўтказиши ҳақида хабар берган эди.

«Ленинский проспект» метроси ҳудудидаги Халқаро ислом бизнеси ассоциацияси офисига кириш учун кўп қаватли турар-жойнинг ертўласига тушиш керак бўлади. Куннинг қоқ ярми, бироқ офисда одам кам. Ассоциация раҳбарининг қабулхонаси ва котиби йўқ. Унинг хонаси ортиқча ҳашаматсиз таъмирланган — фахрий ёрлиқлар, дипломлар ва камтарона сувенирлар билан безатилган. Ишчи столида компьютер ва бир неча қоғоз.

Ушбу кичик хона эгаси, ўтмишда Тошкентнинг «Пахтакор» клуби футболчиси ҳануз спортчиларга хос кўринишини йўқотмаган. Марат Кабаев Халқаро ислом бизнеси ассоциацияси раҳбари мавқеига қарамай, бизнес билан шуғулланмайди: «Мен ишбилармон эмасман. Шахсий бизнесим йўқ».

Фото: Proufu.ru

Телеканал маълумотларига кўра, Кабаев Қозонда яшаб туриб Россия Федерацияси Мусулмон ишбилармонлар ассоциациясини нолдан барпо қилган ва «Кемеш-Чишме» давлат таъмирлаш-қурилиш корхонасини бошқарган. Корхона Марат Хуснуллин раҳбарлигидаги Қурилиш вазирлиги бошчилигида фаолият юритган ва Халқаро ислом бизнеси ассоциацияси манзилида рўйхатдан ўтган. Шундан сўнг у гўёки Москва қурилиш комплексини бошқарувчи Хуснуллиннинг Қозондан пойтахтга кўчишига сабабчи бўлган. Канал манбаларининг таъкидлашича, энди айнан Татаристондан чиққан фуқаролар Москвадаги реновация дастурининг асосий шахслари бўлишади: реновация дастурининг асосий ижрочилари Хуснуллиннинг Қозондаги собиқ ҳамкасблари - Дамир Газизов ва Альберт Суниев томонидан бошқарилувчи «КП УГС» ва «КП УЭЗ» бўлишади.

Кабаев суҳбатни бу маълумотни инкор қилишдан бошлади. «Ҳеч қандай гумонлар бўлмаслиги учун аввалдан айтиб қўяйин: Хуснуллин ва унинг жамоаси билан танишганимдан хурсанд бўлардим, бироқ ё унинг вақти бўлмасди, ёки мен банд бўлардим. Ўзингиз ўйлаб кўринг: мен Қозонга 2011 йилда Тошкентдан келганман, у эса 2010 йилда Собяниннинг шаҳарсозлик бўйича ёрдамчиси эди, хўш, қандай қилиб унинг бу лавозимга тайинланишига сабабчи бўлишим мумкин? Ўзбекистонда болалар мураббийи бўлиб ишлаб турибми? Бу ақлга сиғмайдиган гап». Кабаевнинг сўзларига кўра, у Газизов ва Суниев билан ҳам таниш эмас: «Агар уларнинг раҳбари Хуснуллин билан таниш бўлмасам, қандай қилиб улар билан таниш бўлишим мумкин?».