Корея Республикаси 16 мамлакатдан ишчи кучини жалб қилиб келади. Чет эллардан қабул қилинадиган 57 000 ишчи ўриндан Ўзбекистонга ажратилган квота миқдори - 3000. Ўзбекистонда эса "ҳозироқ Кореяга кетишга тайёр" кишилар сони 200 мингдан ортиқ... Шу маҳалгача Кореяга имтиҳондан ўтганлар 2710 кишини ташкил қилади. Шу ўринда табиий савол туғилади - нима учун ўзбекистонлик ишчилар Кореяда рақобатбардош эмас ва умуман бу борада вазирлик томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда? Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи миграция агентлиги вакиллари KUN.UZ'га қуйидагиларни маълум қилишди:

"Бугунги кунда Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги KOICA ўқув марказларида малакали мутахассислар тайёрлаяпмиз, тил ўрганиш имкони ҳам бор, буларнинг бари бепул. Бундан ташқари, Бекобод шаҳрида Миграция маркази ташкил қилинади. Ундан кейин Пахтаобод, Шаҳрихон, кейинчалик ҳар бир вилоятдаги марказий коллежларда миграция марказлари ташкил қилинади. Мавжуд барча муаммоларни ҳал қилсак, кейинчалик квота сонини оширишимиз мумкин", - дейди Ташқи меҳнат миграция агентлиги раҳбари.

Шунингдек, миграция агентлиги вакилларининг маълум қилишича, фуқаро тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, уларнинг маълумотлари номзод сифатида база (Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан юритилади)га киритилади. Кореялик иш берувчилар унинг ичидан кераклисини танлаб олади. Номзоднинг маълумотлари иш берувчига маъқул келсагина, у билан шартнома тузилади. Демак, фуқароларнинг тестдан ўтиши унинг иш билан таъминланишини кафолатламайди. Зеро иш берувчи танламай қолса, жараён амалга ошмай қолиши мумкин. Икки йилдан кейин қайта тест жараёнидан ўтиш имкони мавжуд. Тест жараёнидан ўтиш учун Ўзбекистон фуқароси албатта корейс тилини билиш керак.