Профессионал сўзи анчадан буён ортиқчалик қилиб қолган ПФЛ Биринчи Лигада қатнашадиган жамоалар сонини эълон қилди. Ҳа, ҳа, айнан эълон қилди. Ҳеч қандай саралашсиз, ҳеч қандай ўтиш ўйинларисиз Про-лигада қатнашадиган клублар номини билиб олдик. Тасаввур қила оласизми, Англия футбол иттифоқи чемпионшипда қатнашадиган жамоалар рўйхатини мусобақа бошланишига бир ой ҳам қолмаганида эълон қилишини? Амалдаги чемпион Премьер-Лига йўлланмасини қўлга киритиш тугул бутунлай тарқатиб юборилиши ва Лондон жамоаларининг ўринбосарлари мамлакатнинг иккинчи даражали лигасида қатнашишиничи? Тасаввур қила олмайсиз-а? Лекин бизда бу амалда бўлиши мумкин. Бизда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Чунки футболимиз бу спорт туридан буткул узоқда бўлган инсонлар қўлида қолиб кетди…

БАРЧА ЙЎЛЛАР ТОШКEНТГА ОЛИБ БОРАДИ
Очилбой Раматов федерация президенти этиб сайланганидан кейин собиқ раҳбарларга Олий Лигада 12та жамоа қолдирилиши фақат Тошкент жамоаларининг ривожланишига олиб келишини, бу билан барча вилоятлардаги тизимни ривожлантириб бўлмаслигини куюниб гапирганди. Бу гаплардан барчамиз хурсанд бўлдик. Бироқ, кўриб турганимиздек, ҳеч нарса ўзгармади. Суперлигада барибир 12та жамоа қолдирилди. Про-лига борасида ўзгариш эса ундан ҳам ошиб тушди. ПФЛ янги мавсумда Про-лигада қатнашадиган жамоалар рўйхатини эълон қилди. Демак янги мавсумда «Машъал», «Шўртан», «Динамо», «Истиқлол», «Ёзёвон», «Хотира-79», «Ифтихор» (Ёшлар иттифоқи жамоаси), «Зомин», «Хоразм», «Андижон», «Орол», «Ғиждувон», «Сурхон», «Бунёдкор-2», «Пахтакор-2», «Локомотив БФК» жамоалари Про-лига баҳсларида қатнашади. Айтганча, қуръа ташлаш маросими пайтида «Хотира-79» ўрнига «Норин» пайдо бўлиб қолди...

Кўриб турганингиздек, Тошкентнинг учта клуби «Локомотив», «Пахтакор» ва «Бунёдкор»нинг ўринбосарлар жамоалари Про-лигада ўйнайди. Нима деб ўйлайсиз, улар бунга муносибми? Бунга деярли барча бир овоздан «ЙЎҚ» деб жавоб бериши турган гап. Чунки, бу жамоаларнинг иштирокидаги ўйинларга футболчиларнинг танишларидан бўлак деярли ҳеч ким бормайди. Тошкент клубларининг асосий жамоалари ўйнаганида стадионлар ҳувиллаб ётади-ку, ўринбосарлар ўйнаганда ким ҳам келарди? ЎФА барча клубларга ўзига хос талаблар қўймоқда. Базаларинг бўлсин, пулларинг бўлсин, шароит бўлсин деб. Бу учта клубда шароит, база борми? Бор, лекин асосий жамоанинг базаси. Уларда хусусий, ўзигагина тегишли бўлган ҳеч нарса йўқ. Нима учун бутун республика жамоалари ичида яна пойтахт жамоалари ажратиб қўйилди? Нима учун Тошкент жамоларининг ўринбосарларига иккинчи даражали чемпионатимизда ўйнашга имкон берилади-да, бошқа вилоят жамоалари умуман тугатиб юборилади? Уларни эшик қисганми?

«ЦEМEНТЧИ» ТУГАТИЛДИ
Қувасойнинг «Цементчи» клуби ўтган мавсумда Биринчи Лига чемпиони бўлди. Вилоятнинг учинчи жамоаси бўлган оддий бир туман жамоаси ҳақли тарзда Олий Лига йўлланмасини қўлга киритди. Лекин кейин нима бўлди? «Цементчи»нинг пули етмаслиги, стадиони талабга жавоб бермаслиги айтилиб, Олий Лига ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Етмаганига жамоа футболчилари «Нефтчи»га ўтказиб юборилди. Бу билан бирга йўлланма ҳам охир-оқибат «Нефтчи»га тегди. Энди ўйлаб кўринг, қувасойлик мухлислар ўз севимли жамоалари энди «Нефтчи»га қўшиб юборилганидан хурсанд бўлишадими? Йўқ, албатта. Йўқ, албатта. Чунки ўша «Цементчи» Қувасой шаҳри шарафини ҳимоя қилиб, шаҳар аҳолисига хурсандчилик улашаётганди. Бу жамоани Олий Лигага олиб чиққан футболчилари нима бўлади? Турган гапки, Суперлигада «Цементчи» ҳужумчиси Мелибоев ўрнида «Нефтчи» фалон миллион «подьемний» бериб таркибга қўшиб олган футболчилари ўйнайди. ПФЛ ва УФАнинг футболдан ўта йироқ раҳбарлари ўша футболчиларнинг орзулари ҳақида ҳеч ўйлашдимикин? Афсус, энди ўша жамоанинг аксарият йигитлари бир кун келиб фарзандларига оддий туман жамоаси билан Олий Лигага чиққанмиз деб айтиб беришолмайди. Чунки, уларнинг орзуларини кабинетда ўтирганлар барбод қилишди...