Жаҳон | 08:11 / 06.03.2018
5600
2 дақиқада ўқилади

Аргентинанинг собиқ президенти суд олдида жавоб беради 

Кристина Фернандес де Киршнер. Фото: AFP

Аргентинанинг собиқ президенти Кристина Фернандес де Киршнер ва унинг маъмуриятида юқори лавозимларни эгаллаганлар 1994 йилда Буэнос-Айресда яҳудийлар маданият марказида (AMIA) портлаш тергови билан боғлиқ ҳолда суд олдида жавоб берадилар.

Маълум қилинишича, федерал судья Клаудио Бонадио судга Киршнер, Аргентинанинг собиқ ташқи ишлар вазири Эктор Тимерман ва бошқа айбланувчилар бўйича ишни жўнатади.

Comercio нашри маълумотларига кўра, суд жараёни санаси ҳали белгиланмаган.

Киршнер ва Тимерман яҳудий марказидаги портлашга алоқадорликда айбланувчи эронликларнинг “жазоланмаслигини таъминлаш” мақсадида тил бириктиришда айбланмоқдалар. 

Киршнер 2013 йилда президентлиги вақтида Аргентина ва Эрон ҳукуматлари портлашни биргаликда тергов қилишга келишиб олган “Ҳамфикрлик меморандуми”ни имзолаган. Бунга Аргентинадаги яҳудийлар жамоаси вакиллари кескин қарши чиқишган. Улар ҳужжатни “конституцияга зид”, “Эронни оқлашга ва теракт ижрочиларининг жазоланмаслигини таъминлашга” қаратилган деб аташган.

Аргентина мамлакат тарихида энг йирик терактни ташкиллаштиришда Эроннинг бир қатор юқори лавозимли шахсларини, жумладан Эроннинг собиқ президенти Ҳошими Рафсанжоний ва ҳукуматнинг собиқ 7 нафар вакилини айблаб келади, Эрон ҳукумати эса бу айбловларни қатъиян рад этиб келади. Теракт вақтида 85 киши ҳалок бўлган, 200 дан кўпроқ киши жароҳат олган.

Мавзуга оид