Гиламдўз ушланди: Жалилга етиб бормаган "дори" аниқланди
Божхона тизимида кўп хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, чегара назоратидан ўтиб, келувчи шахслар бу қулайликларни суистеъмол қилиши тез-тез кўзга ташланиши қайғуга солади. Амалдаги тартиблар ўрнатилгунга қадар жисмоний шахслар қўшни мамлакатлар орқали 10 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божхона тўловларисиз олиб кира олган бўлишса, ҳозирда автомобиль ҳамда пиёдалар йўли ўтказиш пунктлари орқали – 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан олиб ўтишлари мумкин.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Айритом” чегара божхона комплекси орқали Ўзбекистонга қараб йўл олган 32 ёшли Афғонистон Ислом Республикаси фуқароси ҳам ёнида мавжуд бўлган валюта қимматликлари тўғрисидаги маълумотларни йўловчи божхона декларациясида қайд этди. Божхона инспектори билан оғзаки мулоқот давомида ушбу шахс ёнида декларацияланиши лозим бўлган бошқа предметлар ҳамда мамлакатимизга киритилиши тақиқланган ашёлар йўқлигини билдирди. Аммо, назорат-рентген текширувидан ўтказилган юкларнинг тасвирлари йўловчининг бу гапларини тасдиқламади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси Матбуот хизматининг хабар беришича, шубҳали кўринган багаж божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичидан 46,83 гр гиёҳвандлик воситаси туркумига кирувчи кўкнор ўсимлигининг майдаланган ва қуритилган ҳолатдаги бошоқлари топилди.
"Мен Мозори Шарифда гиламдўзлик билан шуғулланаман. Самарқанддаги дўстим “Жалил”нинг (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) ўпкаси шамоллаб, қаттиқ йўталаётгани учун шифо бўлар деган ниятда олиб келаётгандим. Ушбу “дори”ни Мозори Шарифдаги гиёҳларни қўл бола тайёрловчи табибдан 30 афғонийга дўстим “Жалил” учун сотиб олганман. Бу “гиёҳ” Афғонистон бозорларида очиқ сотилади, уларни олишга ҳеч қандай тақиқ йўқ", дейди ҳуқуқбузар ўз тушунтиришида.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасидан гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтиш тақиқланганлигини билган, бироқ инсон организмига таъсир кучи ўта юқори ва барча синтетик гиёҳвандлик воситаларининг тайёрланишида асос бўлиб хизмат қилувчи кўкнор ўсимлиги гиёҳванд моддалар туркумига киритилганлигидан хабари йўқ.
Аммо, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди. Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги 330-сонли Қарорининг 4-иловасида Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатда кўкнор (маковая солома) гиёҳвандлик воситаси ҳам бор.
Мавзуга оид
17:40 / 14.11.2024
Бухоро амирлиги даврига тегишли қадимий тангаларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс тўхтатиб қолинди
23:41 / 13.11.2024
Ўзбекистонга 245 млн сўмлик қўл соатлар ва заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишга уринган шахслар тўхтатилди
17:56 / 06.11.2024
Тезкор қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари бождан озод қилинди
12:37 / 05.11.2024