Ўзбекистон | 09:48 / 06.03.2018
18190
3 дақиқада ўқилади

Президент жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги тизимли муаммоларни белгилаб берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш, мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, жисмоний тарбия ва спортни ташкил этишда қатор тизимли муаммолар ва камчиликларнинг мавжудлиги ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали олиб боришга ва мамлакатнинг мавжуд спорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан:

биринчидан, айниқса, жойларда жисмоний тарбия ва спорт бошқарувининг самарали яхлит тизими мавжуд эмаслиги ушбу соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини лозим даражада мувофиқлаштиришни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва тарғиб қилишни таъминламаяпти;

иккинчидан, мамлакатимизда ҳам оммавий спорт, ҳам олий спорт ютуқлари соҳасида аниқ вазифалар ва мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмаган;

учинчидан, давлат-хусусий шериклик шартларида спортнинг замонавий моддий-техника базаси ва инфратузилмасини яратиш бўйича нодавлат сектор билан ўзаро муносабатларнинг паст даражада эканлиги ушбу соҳада мавжуд муаммоларни самарали ҳал этишга имкон бермаяпти;

тўртинчидан, жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тизими мавжуд эмаслиги терма жамоалар таркибини сифатли тўлдириш учун спорт захирасини шакллантириш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлашни таъминлашга тўсқинлик қилмоқда;

бешинчидан, спорт кадрларини, айниқса, бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими жисмоний тарбия ва спорт бошқаруви соҳасида малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш имконини бермаяпти;

олтинчидан, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини қўллаб-қувватлашнинг фақат алоҳида спорт турларини ривожлантиришга йўналтирилган, нооқилона тизими бошқа оммавий олимпия спорт турларини, энг аввало, спорт ўйинлари ва қишки спорт турларини ривожлантиришга эътибор қаратилмаслигига олиб келган;

еттинчидан, спортчиларни тайёрлаш ва улар тиббий таъминотининг инновацион тадқиқотлари ва услубий ишланмалари, замонавий талабларга жавоб берадиган стандартларининг мавжуд эмаслиги сифатли ўқув-машқ жараёнининг йўлга қўйилишини таъминламаяпти;

саккизинчидан, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга йўналтирилган молиявий маблағлар сарфланишининг асослилиги ва ҳаққонийлиги устидан назоратнинг, энг аввало, ички назоратнинг молиявий маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган ва ушбу соҳада суиистеъмолчиликларни бартараф этишга қаратилган самарали механизми шакллантирилмаган;

тўққизинчидан, халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатли маҳаллий спорт асбоб-ускуналари ва инвентарларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган, шунингдек, бундай ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан механизми назарда тутилмаган.

Мавзуга оид