KUN.UZ сайтида 2018 йилнинг 25 февраль куни ““Шўртаннефтегаз” газ конденсатини кимлар талон-торож қилмоқда?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда “Шўртаннефтегаз” МЧЖ “Тезкор” гуруҳининг собиқ бошлиқларидан бири Нормурод Қайсаров мурожаати асосида ўрганишлар олиб борилган эди. Мақолада, шунингдек ўрганишлар давом этиши ҳамда уларнинг натижаси тақдим этилиши қайд этилганди.

Шу муносабат билан KUN.UZ мухбири Қашқадарёга хизмат сафарини амалга ошириб, “Шўртаннефтегаз” МЧЖнинг маъмуриятида бўлди ҳамда дастлабки мақолада эълон қилинган фикрлар ва рақамларнинг қанчалик тўғрилигига ойдинлик киритиш мақсадида МЧЖ раҳбарияти ихтиёридаги ҳужжатлар билан бевосита танишди. Қуйида биринчи мақолада қайд этилган жиҳатларга, тегишли хужжатлар асосида қуйидагича изоҳлар берилади.

“Шўртаннефтегаз” МЧЖ “Тезкор” гуруҳининг собиқ бошлиқларидан бири Нормурод Қайсаров мурожаат қилиб, 2018 йил 9 январда Н.Қайсаров ва ҳамкасблари М.Эшмирзаев, Э.Назаров ва Ф.Шароповлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 5343-s/18 сонли мурожаат қилганидан кейин, МЧЖ раҳбарияти томонидан уларга нисбатан тазйиқлар ўтказа бошланганини, уларнинг мурожаатлари сабабли, Чигил цехининг 29-километридан суюқлик чиқиши ва маҳсулот қувурларида номаълум шахслар томонидан ўрнатиб кетилган 30 га яқин винтеллар бартараф этилганини ва уларнинг бу маълумоти бўйича уларга нисбатан интизомий чоралар кўрилганини тўғрисида KUN.UZ сайтига маълумот тақдим этишган.

Аслида, 2018 йил 9 январь куни тезкор тармоқ гуруҳ бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига Режим ва қўриқлаш бўйича 1-бўлим бошлиғининг олиб бораётган фаолиятидан норози бўлиб, мурожаат қилишган, лекин уларнинг шикоят аризаларида Чигил ҳудудидаги маҳсулот қувурининг 29-километрида чиқиб турган суюқлик ва маҳсулот қувурларида номаълум шахслар томонидан ўрнатиб кетилган винтелларни бартараф қилиш буйича чора кўриш тўғрисида умуман маълумот қайд этилмаган. Суюқлик чиқишини бартараф қилиниши Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган шахслар томонидан эмас, балки жамият раҳбарияти ва масъул ходимларларнинг ташаббуси билан амалга оширилиб, камчиликлар бартараф этилганлиги аниқланди.

Мурожаатчиларнинг 2018 йил 9 январь куни Президент виртуал қабулхонасига ёзган мурожаатида Режим ва қўриқлаш бўйича 1-бўлим бошлиғининг олиб бораётган фаолиятидан норози бўлганликлари ёзилганлиги сабабли, ушбу мурожаатда кўрсатиб ўтилган бир қанча маълумотларга ойдинлик киритиш ва холисона бахо бериш юзасидан жамиятда Хизмат текшируви тайинланди. Хизмат текшируви жорий йилнинг 26 январига қадар олиб борилган. Хизмат текширувида Н.Қайсаров ва унинг ҳамкасблари томонидан келтирилган маълумотлар ўз тасдиғини топмагач, жамоада муҳитни бузилишига олиб келувчи омилларни яратганликлари, иш вақтида хизмат вазифасига кирмайдиган ишлар билан шуғулланганлиги ва мурожаатда келтирилган маълумотлар раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтондан иборат бўлганлиги сабабли уларга нисбатан интизомий чора кўрилганлиги аниқланди.