Журналистик суриштирув: Бошқарма бошлиғи мактаб директорини ишдан бўшатган, можарода ким ҳақ?
Таҳририятимизга Самарқанд шаҳар 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг (эндиликда собиқ) директори Феруза Назарова Самарқанд вилоят маданият бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан адолатсиз тарзда ишдан бўшатилганини билдириб, мурожаат қилди.
Вазиятни ўрганиш учун ушбу воқеага алоқадор барча кишилар билан суҳбатлашиб, ҳужжат тўплаб чиқдим.
Феруза Назарова Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси буйруғи билан 2015 йил 15 июлда Самарқанд шаҳридаги 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби директори этиб тайинланган. Унгача Самарқанд туманидаги 26-сон болалар мусиқа ва санъат мактабини бошқарган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Болалар мусиқа ва санъат мактаблари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори 2016 йил 5 майда қабул қилинган. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ана шу ҳужжат асосидан тасдиқланган Низом билан бошқариб келинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан болалар мусиқа ва санъат мактаблари халқ таълими бошқармалари ихтиёридан маданият бошқармалари ихтиёрига ўтказилган.
Энди воқеалар ривожи билан хронологик тартибда таништираман.
Ф.Назарова раҳбарлик қилаётган 1-сонли мусиқа санъат мактабига 2017 йил 19 октябрь куни Россия Федерациясининг Мордовия Республикаси Саранск шаҳрида 2018 йилнинг 1–4 февраль кунлари бўлиб ўтадиган «Чудеса искусства» болалар ва ўсмирлар I халқаро танлов-фестивалида иштирок этиш учун таклиф келади.
Ушбу халқаро танловда қатнашиш учун маданият вазирлигининг рухсати олинади ва вазирликнинг 2017 йил 15 декабрдаги 01-11-10-6462-сонли хати асосида вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Камолиддин Мизамовнинг имзоси билан хизмат сафарига жўнатиш ҳақида 2017 йил 22 декабрда 44-С сонли буйруқ чиқарилади. Буйруққа кўра, танловда қатнашувчи болаларнинг сафардаги интизоми ва хавфсизлигини таъминлаш мактаб ўқитувчилари Н.Мухторов ва О.Равшанова зиммасига юклатилади. Сафарга мактабдан 7 нафар ўқувчи бориши белгиланади.
Бошқарма буйруғига асосан, 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам хизмат сафарига «Академик хонандалик» синфи ўқитувчиси Нуриддин Мухторов ва «Хореография» синфи ўқитувчиси Ойширин Равшанова бошлиқ жами 9 кишидан иборат делегацияни юбориш ҳақида 2017 йил 25 декабрда директор Ф.Назарова имзолаган 26-сонли буйруқ чиқарилади.
Хуллас, бу орада танлов ташкилотчиларидан яна бир хат келади ва халқаро танлов 1–4 февралдан олдинроққа — 2018 йилнинг 25–28 январига кўчирилгани маълум қилинади.
Ўқувчилар танловга узоқ тайёргарлик кўришади, авиачипталар харид қилинади. Албатта, бу ўринда ота-оналар ва ҳомийларнинг ҳиссасини ҳам қайд этиш жоиз.
Танлов куни яқинлашар экан, делегация раҳбарларидан бири Нуриддин Мухторов билан боғлиқ муаммо чиқиб қолади. У эски паспортини январь ойининг бошларида алмаштиришга топширади ва 19 январь кунига келиб паспорт ҳали-бери қўлига тегмаслиги ойдинлашади.
20 январь куни Ф.Назарова делегацияга ўзи раҳбарлик қилишга рухсат сўраб, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи К.Мизамов номига 50-сонли хатни котиба орқали жўнатади. Котиба қиз биз билан суҳбатда «хатни бошқарма ходими Ҳожиакбар акага топшириб келдим», деди.
Мусиқа мактабида 22 январь куни педагогик кенгашнинг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилади. 11 нафар ёш ўқувчини рус тилини билмайдиган Ойширин Равшанованинг бир ўзи билан Россияга жўнатиш хатарли эди, албатта. Шу сабабли мактаб директори Ф.Назарова делегацияга ўзи бошчилик қилишга қарор қилади. Н.Мухторов бора олмаслиги ҳақида билдирги ёзади. 26-сонли буйруққа ўзгартириш киритилади. Бу ҳақда маданият бошқармасига хабар қилинади. 24–29 январь кунлари мактаб директори вазифаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари З.Расулова зиммасига вақтинчалик юкланади.
Хуллас, мактаб директори бошчилигидаги делегация Россияга йўл олади. Танловда ўқувчилар жуда самарали қатнашади ва тўртта биринчи даражали диплом билан қайтади. Абхазияда ўтадиган навбатдаги танлов-фестивалда иштирок этиш учун имтиёзли сертификатни ҳам қўлга киритишади.
Уларнинг бу ютуғи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг расмий сайтида ҳам эътироф этилади.
«Бу танловда Россия Федерациясининг барча шаҳарлари, Қозоғистон, Грузия ва Арманистон каби давлатлардан 200дан зиёд иштирокчи қатнашди. Ўқувчилар ўзларининг юқори ижро маҳорати билан барча қатнашчиларни лол қолдирди. Танлов ташкилотчилари Ўзбекистон жамоасига алоҳида ташаккурлар айтиб, кейинги танловларда яна кўришишдан хурсанд бўлишларини таъкидлаб, миннатдорчилик билдиришди. Ушбу йўналишдаги устозларга алоҳида эътибор берилиб, уларнинг хизматлари учун ташаккурномалар топширилди», деб ёзади вазирлик сайти.
Ўзбекистонга қайтиб келишганидан сўнг директор Ф.Назарованинг муаммолари бошланади.
У Kun.uz мухбирига сўзлаб беришича, бошқарма бошлиғи К.Мизамов мактабни қаровсиз ташлаб кетгани учун уни ишдан олиш билан очиқчасига таҳдид қила бошлайди ва меҳнат қонунчилиги ҳамда бошқарма ички-тартиб қоидаларини бузганлигини рўкач қила бошлайди.
Мен телефон орқали К.Мизамов билан бу хусуcда гаплашганимда, у «Ф.Назарова ички-тартиб қоидаларни бир марта қўпол равишда бузганлиги, шу сабабли Меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши, бу масалада барча юристлар билан маслаҳатлашиб, қатъий қарорга келгани»ни баён қилди. Бошқарма бошлиғи билан шахсан учрашишнинг имкони бўлмади. Кейинги кунлар ё телефонни кўтармади, ё сўраб борганимда турли мажлис-у йиғилишлар билан банд бўлди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бошқарма бошлиғи ва ходимлари мактаб котибаси томонидан 20 январда бошқармага топширилган, Н.Мухторов ўрнига делегацияга Ф.Назарова бошчилик қилиниши билдирилган 50-сонли хатни олмаганмиз, деб бўйин товлаб туришибди.
Ўринли савол туғилади: бошқарма тайёрлаган барча ҳужжатларда директор ўзбошимчалик билан мактабни ташлаб чиқиб кетди, дейилмоқда, хўп, танловга ўзи бош бўлиб бормаслиги керак экан, ким бориши керак эди? Россияда қишнинг изғиринли кунларида бу болаларга бирор кор-ҳол бўлганида ҳам директор жавоб берар эди-ку?!
Боз устига, танловда юксак натижаларни қўлга киритиб келган ўқувчиларга бошқарма МУТЛАҚО ЭЪТИБОР бермаган. Мактаб ўқитувчилари билан суҳбатлашганимизда мактаб халқ таълими бошқармаси тасарруфида бўлганида бундай халқаро танловларда қатнашган ўқувчилар одатда қўшимча равишда рағбатлантирилиб келинганини бир овоздан таъкидлашди.
Бошқарма бошлиғининг Ф.Назаровага йўллаган кулгили, саводсизларча тайёрланган хатига эътибор беринг: 1 февраль куни мактаб директорига ваҳимали тарзда, почта квитанцияси билан жўнатилган хатда, «АСОССИЗ РАВИШДА (!) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетганингиз учун Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми, 4-бандига асосан сиз билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинишини маълум қиламиз», дейиляпти ва Бошқарманинг бошланғич Касаба уюшмаси қарори илова қилинмоқда.
Шу ўринда, Самарқанд вилоят маданият бошқармаси бошлиғи К.Мизамовга айрим саволлар билан хитоб қилмоқчиман:
Аввало, Ф.Назарова турмуш ўртоғи ёки дугоналари билан ҳеч кимдан сўрамасдан Туркиянинг Анталияси ёки Кипрга бориб дам олиб келгани йўқ. Ўзи раҳбарлик қилаётган мактаб ўқувчилари халқаро танловда муносиб иштирок этишини таъминлаш учун борган ва буни уддалаган ҳам. Бунинг нимаси асоссиз, ўртоқ бошлиқ?!
Болаларнинг иштироки ҳам, уларнинг эгаллаган юксак ўринларига ҳам тупурдим, демоқчимисиз?
Иккинчидан, бу хатингиз 1 февралда жўнатиляпти, илова қилинган касаба уюшма қўмитаси қарори эса 2 февралда ўтказиляпти. Бу билан нима демоқчи бўлгансиз? «Касаба уюшмаси менинг чўнтагимда, айтган куним мен истаган қарорни чиқариб беради», демоқчи бўляпсизми?
Йиғилишга «гуноҳкор» чақирилмаган, сабаблар сўралмаган, имзолаганлар ичида А.Тўхтаевнинг имзоси бошқача бўлса-да, сиздан қўрққанидан «шу менинг имзом» деб турибди. Ёпирай!!!
Ф.Назарова азбаройи қизалоқларнинг умидини сўндирмаслик, руҳиятини чўктирмаслик, талантини синдирмаслик учун нима қилиб бўлса-да, танловда иштирокини таъминлаш учун тиришдим, деяпти. У ахир ПЕДАГОГ-да! «Мен бошқа 29та мусиқа мактабига «дарс» бўлиши учун ҳам сени ишдан ҳайдайман. Ман ҳар бир қадамларинг учун СНБга отчёт бераман», дейдиган, советча қолипда эскича фикрловчи, бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бера олмайдиган, бир қобиқда қотиб қолган раҳбар эмас!
Яна бир эътиборли жиҳат: К.Мизамов қайси меҳнат шартномасини бекор қилмоқчики, ҳанузгача Ф.Назарованинг меҳнат дафтарчасида мактаб маданият бошқармасига ўтказилганидан кейин бирор ёзув қайд этилмаган? У ердаги сўнгги ёзув вилоят халқ таълими бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи Н.Шарипова имзоси билан турибди.
Мен атайлаб вилоят Маданият бошқармасига ҳам бордим. Темирйўл вокзали яқинидаги 4-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг иккита хонасига биқиниб олган бошқарма кўчиб келганига икки ой бўлибди. Ҳамма нарса тартибсиз тахлаб ташланган — бошқармага ҳам ўхшамайди. Сабабига қизиқиб ҳам ўтирмадим, бу тартибсизлик ичида бир варақ хат тугул, кап-катта инсон ҳам йўқолиб қолиши ҳеч гап эмас.
Ф.Назарованинг мурожаатига жавобан эса 2018 йил 23 февралда Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан ҳам чуқур ўрганиб чиқилиб, шаҳар прокурори С.Облақулов томонидан бошқарманинг 2018 йил 07 февралдаги 14-КБ сонли буйруғига нисбатан протест келтирилган.
Бизга маълум қилишларича, бошқарма бошлиғи К.Мизамов прокуратурага келиб ҳам норози оҳангда шовқин-сурон кўтарган «Ё у ишлайди, ё мен ишлайман» қабилида пўписа қилиб чиқиб кетган.
Воқеанинг тафсилотлари мана шулардан иборат, азиз ўқувчи. Сиз нима деб ўйлайсиз, иқтидорли ўқувчиларга мутлақо бефарқ бошқарма бошлиғи ушбу вазиятда ҳақми ёки уларнинг муносиб иштирокини таъминлашга тиришган мактаб директори?
Тўғри, ҳар қандай қонунбузарлик жазоланиши керак. Жазо эса қонуний бўлиши билан бирга адолатли ҳам бўлиши шарт. Лекин «ўйлаб топилган» важлар асосида ижро этиладиган жазо Яратганга ҳам, бандасига ҳам хуш келмайди.
Ушбу масала юзасидан 16 март куни Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида очиқ суд мажлиси ўтказилиши белгиланган. Умид қиламизки, суд бошқарма бошлиғининг шошма-шошарлик, шахсий хусумат, нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатларига ва вазиятга етарлича ҳуқуқий баҳо беради ва адолат тантана қилади.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади...
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024