Жамият | 13:57 / 28.03.2018
20242
2 дақиқада ўқилади

Коммунал тўловлар учун ходимнинг маошидан огоҳлантирмай ушлаб қолиш мумкинми?

Фото: iStock

Одатда кўпгина корхона, муассаса ва ташкилотларда ходимнинг розилигисиз иш ҳақидан коммунал тўловлар учун ушлаб қолиш ҳолатлари кузатилади. 

Лекин ушбу ҳолат қонунга зид ҳисобланади. 

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ (164-модда) меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан амалга оширилиши мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2001 йил 15 майда 1031-сон билан рўйхатга олинган “Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом”га кўра, корхоналар-ташкилотлар коммунал хизматлар учун ўз ходимлардан уларнинг ёзма розилигини олган ҳолдагина иш ҳақидан ушланмалар кўринишида тўловни қабул қилиб олишлари мумкин.

Шунга ҳам эътибор қаратиш лозимки, ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишда ушланмаларнинг умумий миқдори ходимга бериладиган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ошиши мумкин эмас.