Жамият | 00:47 / 28.03.2018
22949
2 дақиқада ўқилади

Наврўз байрами арафасида Самарқандга қанча сайёҳ келгани маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» миллий дастури йўлга қўйилиши дам олиш кунлари фуқароларнинг арзон ва қулай нархларда саёҳат қилиши учун катта имконият бўлди. Шу билан бир қаторда, меҳмонхоналар ва туризм соҳаси билан боғлиқ бошқа тадбиркорлик субъектлари туристик мавсум бўлмаган даврда даромадларининг ошишига хизмат қилмоқда. Бу ҳақида  Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасига асосланиб, Kun.uz мухбирига маълум қилди.

Шу ўринда вилоят ҳокимининг махсус тақсимоти ишлаб чиқилиб, унга кўра, байрам кунлари арафасида жами 52 300 нафар ишчи ва хизматчилар, талабалар ва маҳалла аҳлини «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури бўйича саёҳат қилдириш, шундан 6 минг нафари билан уюшган тартибда Бухоро, Шаҳрисабз, Хива, Урганч ва Тошкент шаҳарларига саёҳатни амалга ошириш белгиланди.

Наврўз байрами арафасида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрган чет эл фуқаролари ўртача 5 минг нафарни, бошқа вилоятлардан ташриф буюрган зиёратчилар 18 минг нафарни ташкил қилди.

Самарқанд шаҳрига байрам сайли арафасида кўп сайёҳ ташриф буюришини инобатга олиб, 87 та меҳмонхонада 3200 та жой олдиндан банд қилинди, шаҳар марказидаги 40 дан ортиқ ошхона, ресторан ва кафелар сайёҳлар оқими борасида хабардор қилинди.

Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳридаги 79 та меҳмонхонага 2093 нафар хорижий, 5211 нафар маҳаллий меҳмон жойлаштирилди, 174 нафар Қозоғистон, 1832 нафар Тожикистон фуқаролари қариндош-уруғлари хонадонларида меҳмон бўлишди.

Сайёҳларнинг Самарқанд шаҳрида қолиш вақти ўртача 2,6 кунни ташкил қилган.

Мавзуга оид