Ўзбекистон | 12:53 / 28.03.2018
6843
2 дақиқада ўқилади

Савдо ва кўнглочар марказлари ёнғин хавфсизлиги бўйича кўрикдан ўтказилади

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи барча савдо ва кўнгилочар масканлари ёнғин хавфсизлиги бўйича кўрикдан ўтказилади. ШИИББ медиа маркази бошлиғи ўринбосари, капитан Ирина Сайфуддинова шу ҳақда KUN.UZ’га маълум қилди.  

Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузурида махсус ишчи комиссия ташкил этилган бўлиб, унга шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, ФВВ шаҳар бошқармаси, “Ўздавэнергоназорат” шаҳар бошқармаси ходимлари жалб этилган. 

Мазкур ишчи гуруҳ шаҳар ҳудудида фаолият юритувчи барча савдо марказлари,кўнгилочар мажмуаларига юбориладиган махсус ҳужжат тайёрланмоқда, унда марказ ва мажмуалар, уларга ёндош ҳудуддаги савдо иншоотларида ёнғинга қарши профилактика ишларини ўтказиш, мавжуд ҳолатни кўрикдан ўтказиш белгиланади. 

Бу каби бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлигига масъул шахслар асосий эътиборларини ёнғиндан огоҳлантириш тизимининг ишлаши, тутунни чиқариш, ёнғин вақтида ҳаракатланиш кўрсаткичларининг мавжудлиги ҳамда уларнинг ишлаши, ҳалокат вақтида ишлаши керак бўлган ёритиш чироқларининг ҳолатига қаратишлари талаб этилади. Кўрик натижасида тавсиялар ишлаб чиқилади ва аниқланган камчиликлар бартараф этилади. 

ШИИББ расмийсининг билдиришича, кўрик ишлари Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори чиққанидан сўнг бошланади. Ирина Сайфуддинованинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 майдаги қарори билан ҳафтанинг чоршанба кунлари ёнғин хавфсизлиги профилактикаси куни деб эълон қилинган ва бу борада ишлари олиб борилмоқда. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид