Ўзбекистон | 12:13 / 29.03.2018
19383
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ТИВга Тожикистон фуқароларининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмасдан бўлиб туриш муддати борасида топшириқ берган – ОАВ

Фото: UzReport

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат ташқи сиёсат идорасига Тожикистон фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан бўлиб туриш муддатини узайтириш масаласини ўрганиб чиқиш топшириғини берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов маълумотига асосланиб “АР” ахборот манбаси хабар берди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

У давлат раҳбари ташқи ишлар вазирлигига мазкур таклифни ўрганиб чиқиб, яқин кунларда қарор қабул қилиш топшириғини берганини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, президент шу йил 9-10 март кунлари Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида Имомали Раҳмон ҳамкасбидан ўз фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддатини уч кундан жуда бўлмаганда бир ҳафтагача узайтириш масаласини кўриб чиқишни сўраганди.

Маълумот учун, ҳар икки давлат фуқаролари учун виза расмийлаштирмасдан қўшни мамлакат ҳудудида 30 кунгача бўлиш имконияти яратиб берилганди. Лекин сафар уч кундан кўп муддатда давом этадиган бўлса, рўйхатдан ўтиш кераклиги тўғрисидаги тартиб ҳам белгилаб қўйилган.

Хусусан, тожикистонликлар Ўзбекистонга келганда уч кун ичида маҳаллий ички ишлар органларида рўйхатдан ўтиши лозим. Агар мазкур қўшни давлатдан келган меҳмоннинг юртимизда қариндоши бўлса, у шу жойга вақтинчалик яшаш бўйича рўйхатга қўйилиши мумкин. Агар тожикистонлик сайёҳ сифатида келса, меҳмонхонада рўйхатдан ўтказилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам 5 АҚШ доллари миқдорида давлат божи тўланади.

Энди рўйхатдан ўтмасдан бўлиб туриш муддати узайтирилиши мумкин.

Мавзуга оид