Ўзбекистон | 23:48 / 31.03.2018
27985
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ёш олим халқаро мукофотга сазовор бўлди

Жанубий Кореянинг “Йоннам” университети профессори, наманганлик ёш, иқтидорли олим Алишер Дадахонов нуфузли “Marquis” ноширлик уйининг халқаро Альберт Нельсон Маркис номидаги “Marquis Who’s Who in the World” мукофотига сазовор бўлди. Ўзбекистон тарихида илк бор ушбу нуфузли халқаро мукофот юртдошларимиз орасидан биринчи бўлиб Алишер Дадахоновга насиб этди. 

У Тошкент давлат шарқшунослик институтини битириб, сўнгра Кореянинг “Йоннам​” университетининг “бизнес бошқаруви” йўналишда таҳсил олди ва магистр даражасига эга бўлди. Кейинчалик эса ўзи ўқиган университетда докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб, 30 ёшида фалсафа доктори (PhD) даражасига сазовор бўлди.

Келажаги порлоқ бўлган истеъдодли ёш олимни устоз мураббийлари ўзи таҳсил олган университетда ишга қабул қилиб, профессор-ўқитувчи вазифасига тайинлади. Ҳозирда ёш олим дунёнинг турли давлатларидан келган талабаларга таълим бермоқда. 

Шунингдек, унинг АҚШ, Англия, Янги Зеландия, Канада, Корея ва Норвегиядаги “Social Sciences Citation index” (SSCI) руйхатида юритиладиган “Personnel Review”, “Manаgemant Decision”, “Managerial Psychology”, “Career Development International”, “European Planning Studies” ва бошқа бир қатор шунга ўхшаш нуфузли журналларда бизнес корхоналарини бошқарув услуби ва ходимларнинг ижодкорлиги, бизнес корхоналарнинг инновацион фаолиятига таъсир қилувчи омиллар ва шунга ўхшаш бир қатор долзарб мавзуларда 13 та илмий мақолалари чоп этилди.

Фото: Алишер Дадахонов

Бу мақолалар ўзининг муҳим аҳамияти ва мазмун-моҳияти билан халқаро илм аҳли вакилларининг диққат-эътиборини тортди. Изланувчан олим қисқа вақт ичида илм-фан йўналишига қўшган салмоқли натижалари учун “Marquis Who’s Who in the World” (Маркис: Дунёда ким аслида ким) нашри саҳифаларидан ўрин олди.

Маълумот ўрнида, “Marquis Who's  Who” - қисқача таржимаи ҳолларни ўзида мужассам этган каталогли нуфузли нашр ҳисобланади. Мазкур каталогдан дунёдаги бизнес, юриспруденция, фан, тиббиёт, санъат, бошқарув каби соҳаларнинг юқори малакали етакчи мутахассислари ўрин олган. 

Алишер ўзи ёш бўлишига қарамасдан ҳозирда 3 нафар докторант, 4 нафар магистр талабаларга мураббий сифатида илмий раҳбарлик қилмоқда. У шогирдларига ўзининг илмий тажрибаси орқали бизнес бошқарувида илмий мақола ва диссертациялар ёзиш сирларини ўргатмоқда. Айни вақтда у Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг “Менежмент” факультети талабалари учун онлайн тарзида дарс ўтишни режалаштирмоқда.

 

Мавзуга оид